Энг кўп кўрилган иш фирибгарлик билан боғлиқ

Ёки вилоят судлари томонидан ўтказилган брифинг ҳақида

Одатда суд ҳақида гап кетганда ҳеч кимга на ҳисобот, на ахборот берадиган тузилма кўз олдимизга келади. Лекин яшириб нима қилдик, яқин тўрт йилда тизим ўзгарди. Бошқа идораларни билмадим, судлар жамоатчиликка ўз фаолияти ҳақида ахборот беряпти.

Дарвоқе, одамлар ичига кириш ҳақида судларда яхши статистика бор. Хусусан, тамомланган жиноят ишларининг ярмидан кўпи ёки 52,9 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Демак, ҳар иккита ишдан биттаси воқеа жойи ёки жабрланувчининг яшаш манзилида кўриб чиқилган.

Таъкидланишича, бундай суд мажлислари ҳисобот учун ёки хўжакўрсинга ўтказилаётгани йўқ. Оддий мисол, яқинда йўл-транспорт ҳодисаси содир этган йигит, жабрланувчи даволанаётган манзилда суд қилинган. Айтилишича, айбланувчи тўпланган жамоатчиликнинг олдида изза бўлиб, қилган ишидан минг пушаймон бўлган. Асосийси, йиғилганларнинг кўпчилиги ҳолатдан ўзларига тегишли хулоса чиқарган.

Рақамлар сўзлаганда

Масалан, вилоят судлари томонидан 2021 йил 9 ойи давомида 3467 нафар шахсга нисбатан 2742 та жиноят ишлари кўриб тамомланган, шундан 2038 та иш бўйича 2651 нафар шахсга ҳукм чиқарилган. Шунингдек, 704 та иш бўйича 816 нафар шахсга нисбатан ишлар тугатилган.

Судланганларнинг 626 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 913 нафарига озодликни чеклаш, 710 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 231 нафар шахсга жарима, 17 нафарига мажбурий жамоат ишлари, 2 нафар шахсга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ҳамда 21 нафар шахсга нисбатан шартли ҳукм тайинланган.

Дарвоқе, судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари бўйича 271 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинган.

Шу даврда вилоят судларининг барча инстанцияларида 18 та жиноят иши бўйича 36 нафар шахслар оқланган.

Оқлов кўпми, камми?

Оқлов масаласи яқин ўтмишимизда мумкин бўлмаган ҳодиса ҳисобланарди. Судга тушдинг, ўтга тушдинг, деган мақол айни дамда урфга кирган бўлса ажабмас. Негаки, ҳуқуқ-тартибот органларига гумонланувчи сифатида чақирилдингми, демак якунда айбдорлигинг исботланиб, тегишли жазо олардинг.

Вилоят суди раиси Олим Ҳайитовнинг айтишича, ҳозир вазият бутунлай ўзгарган. Оддий мисол: бундан 5-6 йил аввал судланган, лекин шароитни кўриб туриб ёки вазият тақозоси билан судланганлар аппеляция шикояти бермаган. Табиийки, ўтган давр мобайнида уларнинг шикоят бериш муддати ўтган. Аммо вилоят суди инсонийлик нуқтаи-назаридан уларнинг аризаларини кўриб чиқиб, даъво муддати ўтган бўлишига қарамасдан, ишни қайта кўрилиши чораларини кўрмоқда.

- Судларга юклатилган вазифа адолатни ўрнатишдан иборат, - дейди О.Ҳайитов. – Ишни ташкил қилишда мазкур асосий вазифадан чалғимаслигимиз керак.

Жиноятлар жазолар енгиллаштирилиши оқибатида ошяптими?

Ахборотда қайд этилишича, 670 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан тугатилиб, 763 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган.

Ички ишлар органлари Пробация хизмати тақдимномалари асосида қилмишидан чин кўнгилдан  пушайман бўлган, ўзига тегишли хулоса чиқарган, жазони ўташ даврида тузалиш йўлига қатъий ўтиб, тартиб-интизомга қатъий риоя қилган намунали хулқ-атвордаги 1770 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 372 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган.

Анжуман давомида йиғилганларда табиий савол туғилди: жиноий жазоларнинг бундай тахлитда енгиллаштирилиши ёмон оқибатларга олиб келмайдими?

- Ўринли савол, - деди О.Ҳайитов. - Аммо масаланинг бир томонини ҳисобга олиш керак. Қайсидир бир жиноятга жазо енгиллиги учун унинг миқдори кескин ортяптими, у эътибордан четда қолмайди. Мисол учун, вилоятда кейинги вақтда фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишлари кўпайган. Албатта, ҳолат юзасидан тегишли органларга тақдимнома киритиш баробарида қонунчиликка тегишли ўзгартиш киритиш бўйича таклифларимизни берганмиз.

Судьялар хато қилмайдими?

Матбуот анжумани давомида бу саволга ҳам батафсил жавоб қайтарилди.

- Тизимда ишлаётган ҳар бир судья мустақил. Лекин ҳаммаси тўлиқ адолатли қарор қабул қиляпти, деб бўлмайди, албатта, - дейди О.Ҳайитов. – Чунки инсон борки хато қилиши, малакаси, билим ёки бошқа омиллар сабаб адашиши мумкин.
Ва бу борада давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тизимга қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Оддий мисол, илгари тизим ходимларини йўл қўйган хатоси учун Судьялар олий кенгаши рухсати билан тегишли чора кўриш мумкин эди. Айни пайтда бу иш билан вилоят суди малака ҳайъати шуғулланади. Асосийси, ҳайъат вилоят судьялари конференциясида сайланади ва мустақил фаолият юритади. Кимдандир рухсат сўрамайди, ҳолатни ўрганиб, қонунбузилишни аниқласа, судьяга нисбатан тегишли жазо чорасини кўриш ваколатига эга.

Маъмурий судда қанча иш кўрилди?

Самарқанд вилояти маъмурий суди раиси Т.Файзиевнинг маълум қилишича, ҳисобот даврида вилоят маъмурий суди судьялари томонидан биринчи инстанцияда 19 та иш мазмунан кўриб, тамомланган. Бу ишларнинг 14 таси қаноатлантирилган, 4 таси рад этилган, битта иш кўрмасдан қолдирилган.

Самарқанд туманлараро маъмурий суди томонидан кўрилган 884 та ишнинг 258 таси қаноатлантирилган бўлса, 484 таси рад этилган. Оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича 46 та хусусий ажрим чиқарилган.