Судьялар олий кенгаши кимга бўйсунади?
Аксарият ҳолларда шундай ўринли саволлар туғилади. Бу масала Ўзбекистон Республикаси Конституцияси аниқ кўрсатиб қўйилган. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 111-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади” деб мустаҳкамланган.
Айни шу норма асосида жорий йилнинг 21 сентябрида «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.
Аввало, қонун билан Судьялар олий кенгаши таркибидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари чиқарилди. Бу табиийки, судьялар тайинловининг холислигини, мустақиллигини таъминлайди. Негаки, Кенгашнинг фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассисларидан иборат етти нафар аъзоси ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириши қонун билан мустаҳкамланди.
Шунингдек, Кенгашнинг асосий вазифалари кенгайтирилиб, унга:
- судьялар дахлсизлиги бузилиши ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятини бирон-бир тарзда аралашувдан самарали ҳимоя қилиш;
- судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни барвақт аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
- суд тизимида аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқиш ва принципиал баҳолаш;
- кенгашнинг ҳамда суд тизимининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
- раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун муносиб судья кадрларни танлаб олиш, шунингдек уларни рағбатлантириш ва мукофотлаш масаласи юзасидан ташаббус кўрсатиш каби қатор вазифалари юкланди.
Албатта, мазкур нормалар кенгаш ҳеч кимга бўйсунмайди ёки ҳисоб бермайди, дегани эмас. Қонунда Кенгаш раисининг суд ҳокимияти мустақиллигини, судьялар дахлсизлигини таъминлашга ва одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар, шунингдек, суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якунлари бўйича ахборот тақдим этиши белгиланди.
Умуман, Кенгашнинг ҳамда суд тизимининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш судьялар олий Кенгашининг асосий вазифаси сифатида белгиланди.
Қонунга кўра, Судьялар олий кенгашида коррупцияга қарши курашиш вазифаси юклатилган ўринбосар лавозими ҳамда Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси ташкил этилади.
Фаррух Саматов,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.