Бекзод Жўраев Самарқанднинг “Ибратли судья”си деб топилди

2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони билан судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш мақсадида «Ибратли судья» мукофоти жорий этилди.

Мазкур фармондан келиб чиқиб, Судьялар олий кенгаши томонидан “Судьялар фаолиятини баҳолаш бўйича электрон рейтинг тизими» яратилган.

Унга кўра, энг яхши деб топилган судьялар йил якунида “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланиши кўрсатилган. Ўтган йили мукофотга номзодларни саралаш натижаларидан келиб чиқиб, республикамиз суд тизимида фаолият юритаётган 16 нафар судья “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланган эди. Бу йил 20 нафар судья бу шарафга лойиқ кўрилди. 

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирни бошқарган Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров судьялар фаолиятини баҳолаш бўйича электрон рейтинг тизими кутилган натижани бераётганлиги, судьялар фаолияти шаффоф ва одилона баҳоланаётганини таъкидлади. Бу йилги тақдирланганлар ҳам юқори рейтинг кўрсаткичлари асосида танлаб олинди.

Судьялар олий кенгаши томонидан онлайн шаклда ўтказилган маросимда ушбу мукофотга сазовор бўлган судьялар тантанали равишда тақдирланди. Тақдирланганлар орасида Пайариқ тумани иқтисодий суди раиси Бекзод Жўраев ҳам бор.

Ҳуқуқшунос сулоласи вакили бўлган Бекзод Жўраевнинг фаолияти ҳақида доимо илиқ фикрлар билдирилади. Чунки Пайариқ туман иқтисодий судига келган ҳар бир фуқаро ўз билими ва тажрибасига ишонган, суҳбатдошини тинглай оладиган ва маънили фикр берадиган бу судьянинг ҳузуридан норози бўлиб кетмайди. Суд биноси остонасига қадам қўйганлар бу ердаги орасталик, ободлик, ўзаро ҳурмат муҳитидан кўнгли тўлади. 

Рейтинг профессионализм, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, мурожаатлар билан ишлаш, билим даражаси, қабул қилинган суд қарорларининг сифати каби мезонлар асосидаги тўплаган баллари ҳисобидан шакллантирилади. 

Садриддин Набиев,

Самарқанд вилояти суди бош консультанти.