Судья бўлиш осонми?

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари И.Муслимов ва Олий суднинг кадрлар бошқармаси бошлиғи М.Мухитдинов Самарқанд давлат университетининг бўлажак ҳуқуқшунос талабалари билан учрашди.

Мулоқот давомида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тарғиботига алоҳида эътибор қаратилди. Унда Олий суд ва Самарқанд давлат университети ўртасидаги амалий ҳамкорлик натижасида эришилган ютуқлар эътироф этилди.

Таъкидланганидек, суд идоралари ходимларининг жамиятда ижтимоий мавқеини ва обрў-эътиборини ошириш ҳамда судларда энг муносиб ва юқори малакали кадрлар корпусини шакллантириш тизимни тубдан ислоҳ қилиш йўлидаги энг асосий вазифалардан биридир.

- Биз кўплаб олий ўқув юртларида худди шундай учрашувлар ўтказиб келяпмиз. Лекин бундан "Суд органлари кадрларга муҳтожлик сезаётган экан, судга ишга киришга ташвиқот қилиб юрибди", деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Бизнинг мақсадимиз бошқа. Талабаларни ўқишга, кучли билим олишга шижоатини янада ошириш. Бундай амалий суҳбатларнинг самарасини аниқ сезяпмиз. Кучли билимли авлодни тарбиялаш барчамизнинг бирламчи вазифамиз. Биз сизлар билан мақсадни аниқ қўйиш, унга интилиш, илм олишга жиддий ёндашиш натижаси қандай бўлиши ҳақида гаплашамиз. Ва албатта, суд органларида ишлашни мақсад қилганлар учун ҳам етарли тушунчалар берамиз.   

Дарҳақиқат, бугунги кунда замон тезлашиб, жамиятимиз ҳам шунга мос равишда ривожланиб бормоқда. Танлаган касби бўйича етарли фундаментал билимга эга, бир неча тилларни биладиган, дунёқараши кенг, давлат сиёсати ва ижтимоий ҳаётни теран ҳис қиладиган мутахассис ҳар қандай соҳада ўз жойини осон топади. Хусусан, суд органларида ҳам.

Суд идораларида кадрлар билан ишлашда уларнинг билими, малакасига алоҳида эътибор қаратилади. Албатта, судларда ишчанлик муҳитини яратиш билан бир қаторда ходимларнинг дунёқараши, маънавияти, касбий одоб-ахлоқи ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Олий суд ҳузурида ташкил этилган “Бўлажак суд ходимлари” клубига университет талабаларини жалб қилиш учун тегишли ҳуқуқий замин яратилган. Талабалар ҳеч қандай тўсиқларсиз клубга аъзо бўлиб, дарсдан бўш вақтларида судларда танишув амалиётини ўташлари ҳамда бўлажак касблари бўйича иш ўрганишлари учун имконият яратилган.

Тадбирда савол-жавобларга кенг ўрин берилди. Якунда ўз фикрлари, қизиқарли ва муҳим саволлари билан фаол иштирок этган талабаларга китоблар совға қилинди.

Самарқанд вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.