Олий суд раисининг биринчи ўринбосари самарқандлик бўлғуси ҳуқуқшунослар билан учрашди

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча жойларида “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги ўтказилмоқда. Ушбу ҳафталик доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Р.Маҳмудова Самарқанд давлат университетида “Инсон ҳуқуқлари - олий қадрият” мавзусида учрашув ўтказди.

Учрашувда вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев, судьялар, СамДУ профессор-ўқитувчилари ва бўлғуси ҳуқуқшунос талабалар иштирок этди.

Дастлаб Р.Маҳмудова сўзга чиқиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Халқимизда азалдан холислик, ҳаққонийлик ва адолат улуғ қадрият саналган. Бу эзгу фазилатлар замирида инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром мужассам. Давлатимиз раҳбари таклифи билан 2022 йилни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”, 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб аталиши ҳам миллатимизнинг ана шу эзгу қадриятлари бардавомлигини таъминлашга хизмат қилади.   

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга риоя этилишини таъминлашда, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқий онгини янада ошириш орқали жамиятда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ёшлар ўзларининг фуқаролик позициясини янада теранроқ ҳис этиб, унга муносиб бўлишига эришиш мақсад қилинган.

-  Бугунги талаба эртанги мутахассис. Сизлар эртамиз эгаларисиз. Бу ялтироқ гап эмас, айни ҳақиқат, - деди Р.Маҳмудова талабаларга мурожаат қилиб. - Мана шу даргоҳда таълим олган собиқ талабалар ҳозир турли соҳаларда бўлгани каби судьялик лавозимида ҳам фаолият кўрсатмоқда. Демак, ҳозир ораларингизда эртанги кун прокурорлари, судьялари, адвокату терговчилари ўтирибди. Сизларга айтадиган гапларим кўп. Лекин энг асосий гапим шуки, бугунги таълим олиш имкониятингиздан тўлақонли фойдаланиб, пухта билим олинг. Замонимиз ривожланиб, талаб ҳам ошиб бормоқда. Эртанги кунда кучли билим соҳиби, ўз касбингизни етук мутахассиси бўлмасангиз мақсадингизга эришолмайсиз. Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган судьяларнинг бор-йўғи 16 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Бу жуда кам. Чунки жабрдийда аёллар аёл судьяларга дардини очиқроқ айтади. Талаба қизларимизга янада фаолроқ бўлишни, улкан мақсадлар қўйиб, унга интилишни маслаҳат бераман.

Тадбир сўнгида фаол иштирок этган ҳамда аълочи талабаларга китоблар жамланмаси тақдим этилди.

Самарқанд вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.