Сайёр қабулнинг биринчи куни самарали бўлди

Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш учун янада қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Президент Халқ қабулхоналари, Олий суд, Судялар Олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси раҳбар ходимлари иштирокида Самарқанд шаҳри, Самарқанд, Тойлоқ ва Жомбой туманлари аҳолиси учун Самарқанд туманида оммавий қабул ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Камилов раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан мурожаатлари тингланди.

Сайёр қабулнинг 31 мартдаги биринчи куни мурожаатчилар билан гавжум бўлди.

370 нафар мурожаатчи қабул қилинди. Шундан, жиноят ишлари бўйича 132 та, маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича 65 та, фуқаролик ишлари бўйича 138 та, иқтисодий ишлар бўйича 18 та, оммавий муносабатларни келиб чиқадиган маъмурий ишлар бўйича 17 та мурожаат тушди.

28 нафар фуқаронинг даъво аризаси 1-инстанция судининг иш юритувига қабул қилинди, 45 нафар фуқаронинг кассация шикоятлари Олий судда кўришга қабул қилинди, 9 нафар фуқаронинг аризаси қабул қилинди, 8 нафар фуқаронинг аризаси бўйича ишлар аппеляция инстанциясига кўришга тайинланди, 107 нафар фуқарога тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Шунингдек, 41 нафар фуқарога алимент ундириб берилди, 15 нафар фуқаронинг пенсия таъминоти билан боғлиқ низолари ҳал этилди, 19 ҳолатда фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиши таъминланди, 5 ҳолатда никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъволар бўйича тарафлар яраштирилди.

2 нафар тадбиркорлик субъектининг кассация шикоятлари Олий судда кўришга қабул қилинди, 8 та юридик шахс вакили ва тадбиркорга тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди, 4 ҳолатда иқтисодий ишлари сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиши таъминланди ва ижобий ҳал қилинди.

Мамлакатимизда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар. Ҳар ким қилмишига яраша жазосини олиши аниқ. Бироқ қилмишининг оқибатини англаб етган, пушаймон бўлган, ўзига хулоса чиқарган шахсларга ҳукуматимиз енгилликлар бераяпти. Бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳам шунга қаратилган. Бугунги сайёр суд мажлисида жазоси енгиллаштирилиб, озодликка чиқарилганлар бутунлай қутулиб кетди, дегани эмас. Бу уларга имконият. Шу имкониятдан оқилона фойдаланиб ҳаётини тўғри йўлга солса раҳмат, оиласи билан тинч яшайверсин. Лекин бу яхшиликни, бағрикенгликни суиистеъмол қилмаслик керак.

Сайёр қабул доирасида ишчи гуруҳ томонидан жазо ўтаётган фуқаролар учун ҳам қабул ўтказилди. 70 нафар маҳкум қилмишидан чин кўнгилдан пушайман эканлиги, қилмишига яраша жазосини олганлиги, ўзига тегишли хулоса чиқарганини баён қилди. Жазони ўташ даврида тузалиш йўлига қатъий ўтиб, тартиб-интизомга қатъий риоя қилганлиги, намунали хулқ-атвори билан ишончни оқлаганини таъкидлаб мурожаат қилди. Бу мурожаатларнинг ҳар бири батафсил ўрганиб чиқилди.

Ташкил этилган сайёр суд мажлисида 24 нафар маҳкумнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди. 45 нафар маҳкум тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда озодликдан чеклаш жазосидан муддатидан олдин шартли озод қилинди.

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшаган А.Расулов, А.Камолов, Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи Б.Давлатов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазосидан шартли озод қилиниб, уйига кузатиб қўйилди.

Тойлоқ тумани “Ғўлба” маҳалласида яшовчи Ф.Ҳикматов, Ў.Давронов, “Боғичинор” маҳалласида яшовчи А.Абдумўминов, “Жалолобод” маҳалласида яшовчи Н.Негматов содир қилган ҳуқуқбузарлиги учун транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлигини, транспорт воситасини бошқариш орқали рўзғор тебратиши, бугунги кунда оиласининг моддий аҳволи қийинлашиб қолганини маълум қилди. Қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлигини билдириб, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни сўраб мурожаат қилди. Уларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

Бундан ташқари, “Сам ФЕРРЕ” хусусий корхонаси вакили Шаҳбоз Сайфиддиновнинг божхона омборини кенгайтириш масаласидаги мурожаати шу куннинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди томонидан 2021 йилнинг январ-март ойлари мобайнида 5 нафар шахсга нисбатан 3 та жиноят иши бўйича оқлов ҳукми чиқарилиб, ҳуқуқлари тикланган.

2010 йилда Ургут тумани прокуратурасида терговчи лавозимида фаолият юритган Отабек Мажидов кутилмаганда адолацизликка учраб, ноҳақликнинг аччиқ таъмини татиб кўрди. Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «а», «в» бандлари билан айбланиб, уч йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш муайян ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган эди.

Собиқ терговчи ўзининг асоссиз судлангани ҳақида важларни келтириб, ўтган йили Олий судга шикоят билан мурожаат қилди, шунингдек Олий суд раисининг қабулида бўлди. Унинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди кассация инстанциясининг яқинда бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида унга қўйилган айбловлар тасдиқланмади ва у оқланди.

Отабек Мажидов ҳам адолат қарор топганлиги, бунинг учун Олий суд раисининг сайёр қабуллари катта аҳамиятга эга бўлаётганини таъкидлаб, миннатдорчилик билдирди.

Самарқанд қишлоқ хўжалик (ҳозирги ветеринария медицинаси) институти ўқитувчиси Қ.Тангиров ноҳақ ишдан бўшатилган эди. Адолатсизликка илм даргоҳидан ечим топа олмаган ўқитувчи Олий суд раисининг қабулига кириб, мурожаат қилган эди. Мурожаати одилона кўриб чиқилиб, тегишли суд ҳужжатларига биноан у ўз ишига тикланди. Қ.Тангиров бугунги сайёр қабулда шахсан Олий суд раисининг қабулига кириб, адолатни тантанасини таъминлагани учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Қабулда муаммолари ҳал бўлган 136 нафар фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ёзма ва оғзаки ташаккурнома билдирдилар.

Қабул чоғида Самарқанд туманидаги “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган, эҳтиёжманд оилаларнинг бир гуруҳига маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун ажратилган маблағ ҳисобидан тикув машинаси, мотокултиватор ва бошқа даромад топиш мумкин бўлган воситалар тарқатилди.

Оммавий қабуллар эртага Иштихон ва Қўшработ туманида, 2 апрел куни Паст Дарғом тумани ва Каттақўрғон шаҳрида, 3 апрел куни эса Ургут туманида яқин ҳудудлар аҳолиси учун ўтказилади.

Самарқанд вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.