Судьялар оқдарёлик ўқувчилар билан учрашди

Вилоят суди судьяси Тўлқин Қодиров, судья катта ёрдамчилари Адҳам Абдиев ва Нодир Ҳамроев Оқдарё туманидаги 41-ўрта мактабда 11-синф ўқувчилари билан давра суҳбати ўтказди.

Давра суҳбатида асосан таълим олишга жиддий эътибор бериш, келажакда жамиятимизга керакли кадрлар бўлиб етишишга интилиш ҳақида сўз борди. Шунингдек, катта ҳаёт остонасида турган ёшларга оила муқаддаслиги ҳақида тушунча берилди.

Вилоят суди вакиллари ёшларга нотўкис оилалар, нотинч оилалар ҳақида тушунча берар экан, бахтли оилаларнинг қадрига етиш лозимлигини тушунтирди.

Оила муқаддас даргоҳ. Оила шундай илоҳий манзилки, унинг шаъни, сизнинг шаънингиздир. Ҳаётнинг лаззати эса ширин турмушда. Кўпинча оқибатлари ўйланмай чиқарилган қарорларнинг жабрини, беозор ва мурғак қалблар ҳис этишга маҳкум бўлишади.

Ҳеч меҳрибонлик уйига борганмисиз? У ердаги болаларнинг ҳаётидаги бир кун қандай ўтиши, уларнинг ҳаёт тарзи ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? У ерда ҳам сизга ўхшаган ўғил-қизлар яшайди. Уларнинг ҳар кунида умид бор, аксарияти эртадан кечгача меҳрибонлик уйи дарвозасига кўз тикиб ўтиради. Эшикдан ўзининг отаси ёки онаси кириб келишини ва уни олиб кетишини истайди. Ваҳоланки, давлатимиз томонидан меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун барча шароитлар яратилган. Бироқ улар қанчалик яхши шароитда яшамасинлар буларнинг ҳеч бири уларга оила меҳрини, муҳитини беролмайди.

Оилани мўъжазгина бир жамият, деб фараз қилсак, бутун инсоният жамиятнинг дахлсизлиги айнан шу “жамият”нинг жипслигига боғлиқ. Демак, қайси жамиятдаги оилалар мустаҳкам эмас экан, бу жамият харбий қудрати, бойлигидан қатъий назар, халокатга маҳкум. Зеро, азалдан оилани жамиятнинг дуру гавҳари деб улуғлаган.

Масалан, ҳозирги кунда ўсмирлар ўртасида пайдо бўлаётган жиноятларнинг кўпчилигига оиладаги муҳитнинг ижобий эмаслиги, ота-она томонидан фарзандига етарли даражада тарбия берилмаётганлиги, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муаммоли муносабатлар сабаб бўлаётганлиги таъкидланди.

Т.ҚОДИРОВ, вилоят суди судьяси.

А.АБДИЕВ, вилоят суди судья катта ёрдамчиси.