Сунъий интеллект тарихий матнларни ҳам тикламоқда

Бугун қадимий матнларни тиклаш сунъий интеллект технологиялари ёрдамида катта тараққиёт сари қадам ташламоқда. Чунки бу рақамли давр тарихий матнларни тиклаш жараёнини аниқ ва самарали қилишга кўмаклашувчи воситаларни тақдим этаётир. Алгоритмлар имконияти ёзма меросни асрашга ёндашувимизни ўзгартириб, тарихий ҳужжатларни мисли кўрилмаган даражада ўрганиш имконини бермоқда.
Сунъий интеллектнинг соҳадаги муҳим афзалликларидан бири шикастланган ёки тўлиқ бўлмаган матнларни талқин қилиш ва тўлдириш қобилияти саналади. Нусха бўйича аниқлаш тизими ёзув контекстини таҳлил қилиб, вақт ўтиши билан йўқолган сўзлар ёки парчаларни тиклашга ёрдам беради. Бу нафақат ахборотни сақлашни таъминлайди, балки йўқолиб кетган билимлардан фойдаланиш имкониятини яратмоқда. Масалан, Италиянинг Ҳерcуланеум шаҳрида топилган қадимий папируслар асрлар давомида ўқилмай келган. 2023 йилда “Vesuvius Challenge” лойиҳаси доирасида олимлар сунъий интеллект ва 3Д рентген технологиялари ёрдамида ушбу папирусларни виртуал равишда “очиқлаш”га муваффақ бўлди. Натижада файласуф Филодемга тегишли “Нуқсонлар ҳақида” асари аниқланиб, муаллиф ва асар номи тасдиқланди. Бу ютуқ тарихий матнларни тиклашдаги муҳим қадам бўлди.
Google DeepMind ва Oksford университети тадқиқотчилари томонидан ишлаб чиқилган “Pifiya” модели сунъий нейрон тармоқлар ёрдамида шикастланган қадимги юнон ёзувларини тиклашда ишлатиляпти. Ушбу модел, PHI-ML деб номланган катта ҳажмдаги юнон ёзувлари корпусида ўргатилган бўлиб, эпиграфчиларга нисбатан анча паст хатоликка йўл қўяди. “Pifiya”, айниқса, тошга ўйилган ёзувларни тиклашда самарали ёрдамчи восита сифатида хизмат қилмоқда.
Шу ҳақда Ўзбекистоннинг қадимги шаҳар харобалари (масалан, Афрасиёб, Тўпроққалъа, Кампиртепа)да топилган ёзувли ёдгорликларни мисол қилиш мумкин. Улар ҳали тўлиқ ўқилмаган ва талқин қилинмаган. Уларни сунъий интеллект ёрдамида ўрганиш мамлакатимиз тарихини янгича маълумотлар билан бойитади.
Тарихий ҳужжатлардан фойдаланиш нафақат олимлар, балки жамоатчилик учун ҳам манфаатли. Сунъий интеллект технологияси жисмоний ва маданий тўсиқларни енгиб ўтиб, дунё бўйлаб одамларнинг тарих билан мулоқот қилишига имкон бермоқда. Бу очиқлик глобал маданий меросга бўлган ҳурмат ва тушунишни кучайтиради.
Рақамли трансформация халқаро ҳамкорликнинг янада бой шаклланишига ҳам йўл очди. Чунки тарихий ҳужжатларни рақамлаштириш ва сунъий интеллект орқали дунё бўйлаб улашиш мумкин.
Шунингдек, рақамли кўчирмалар, асл нусхаларни бузилмас ҳолда сақлашга хизмат қилиб, жисмоний эскиришининг олдини олади. Бу сақлаш амалиёти маданий меросни ҳимоя қилиш билан бирга уни глобал аудиторияга етказади.
Келажакка назар ташлар эканмиз, сунъий интеллектнинг тарихни тиклашдаги салоҳияти чексиз. Вақт ўтиб бу воситалар ривожланишда давом этади ва қадимий матнларга кириш ва уларни тушунишда янада катта имкониятларни тақдим этади.
Зумрад ХОДЖИEВА,
СамДЧТИ ўқитувчиси.