Сунъий интеллектдан фойдаланиш тартибга солинади (ми?)

Омматан бу технология қизиқ эмасдек, у бизнинг ҳаётимизга кириб келмаган-у, ҳали бу ҳақда бош қотириш ноўриндек туюлади. Бутун дунёда у кириб бормаётган соҳа қолмаяпти, аниқроғи, қарийб барча тармоқ ва тизимда у ишончли ёрдамчига айланмоқда.
Аммо дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрилса, сунъий интеллект билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш зарурати ҳам юзага келмоқда. Негаки, аллақачон ҳамюртларимиз ундан жабр кўрмоқда, унга асосланган фирибгарликлар қурбони бўлмоқда. Сунъий идрок ёрдамида миллиардер Алишер Усмонов пул тарқатаётгани ҳақидаги видеохабар ҳали кўпчиликнинг ёдидан чиқмаган бўлса керак. Ёки республикамизнинг бошқа таниқли шахсларининг оригиналдан фарқ қилмайдиган “чиқишлари” интерда тарқагани-чи?!
Шу сабаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Қуйи палата матбуот хизматида қайд қилинишича, қонун лойиҳаси билан сунъий интеллект орқали яратилган ахборотни маркировкалаш, шахсга доир маълумотларга ноқонуний ишлов берганларни 37,5 миллион сўмгача жаримага тортиш таклиф этилмоқда.
Депутатлар бугунги кунда сунъий интеллектдан фойдаланиш ва уларни молиялаштириш ҳажми ошиб бораётганини қайд этган. Мисол учун, 2023 йилда бутун дунёда сунъий интеллект соҳасига 154 миллиард доллар инвестиция жалб қилинган, ўтган йили бу кўрсаткич икки баробар ошган. 2030 йилга келиб инвестициялар ҳажми 10 баробар ошиши прогноз қилинмоқда.
Бутун дунё, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам сунъий интеллект ижтимоий-сиёсий жараёнларга, инсон ҳуқуқлари ва шахсий маълумотлар дахлсизлигига таҳдидларни юзага келтира бошлагани алоҳида эътибор қаратадиган жиҳат сифатида қайд қилинмоқда. Хусусан, 2024 йилда дунёда сунъий интеллектдан фойдаланиб, таниқли шахсларнинг фото, видео ва аудио ёзувларини сохталаштириш 50 баробар ошган. Ўзбекистонда интернет орқали 2023 йилда 1129 та, 2024 йилда эса 3553 сунъий интеллект ёрдамида ишлов берилган ноқонуний материаллар тарқатилган. Аҳоли ишончига кириш учун ўзга шахсларнинг қиёфаси ва овозидан фойдаланилган.
Шу боис, қонун лойиҳасида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишда фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган нормаларни белгилаш кўзда тутилмоқда. Аниқроғи, “Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонун ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Хусусан, унда “сунъий интеллект” тушунчасига таъриф берилиб, соҳада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва махсус ваколатли орган вазифалари белгиланмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳасига ахборот ресурсларини яратиш ҳамда ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг умумий қоидалари киритилган.
Лойиҳада сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда яратилган ахборот ресурсларига маркировка қўйиш талаби белгиланяпти. Шу билан бирга, сунъий интеллект орқали қонунга хилоф равишда шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ОАВ, ижтимоий тармоқларда тарқатишга йўл қўймаслик мажбурияти киритилмоқда. Бу талаб бажарилмаса, маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда.
Аниқлик киритилишича, ушбу қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-моддасига 2-қўшимча киритилмоқда.
Масалан, бу сунъий интеллектдан фойдаланиб, шахсга доир маълумотларга ноқонуний ишлов берган ва тарқатган шахсларнинг иш қуроллари мусодара қилинишини, 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (18,75 миллион сўм) дан 100 баравари (37,5 миллион сўм) гача миқдорда жарима солишни назарда тутади.
Таъкидланишича, қонун лойиҳаси тақиқлаш, назорат қилиш ёки чеклашга эмас, балки ҳуқуқий майдонга сунъий интеллект тушунчасини киритиб, ўйиннинг асосий қоидалари ва асосий субъектларини аниқлашга қаратилган.
Қайд қилинишича, лойиҳани ишлаб чиқишда АҚШ, Канада, Европа, Хитой, Япония, Жанубий Корея ва МДҲ давлатлари тажрибаси ўрганилган. Унда сунъий интеллект орқали яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари инсон, унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларини бузмаслигига оид талаб киритилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлигига алоқадор қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллект орқали яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллектда ишловчи тизимлар хулосасига таянилмаслиги белгиланмоқда.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига тўхталиб, уни такомиллаштириш, пухта ҳолатга келтириш бўйича ўз фикр-мулоҳалари ҳамда таклифларини билдирган.
Ёдингизда бўлса, 7 апрель куни Тошкентда ўтказилган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясида нутқ сўзлаган давлатимиз раҳбари иттифоқ доирасида сунъий интеллектдан фойдаланиш этикасини ишлаб чиқишни таклиф қилганди.
Хулоса шуки, қонун ижодкорларимиз даврдан ортда қолаётгани йўқ, балки ижроси сустроқдир. Яна ким билсин?
Ё.Марқаев тайёрлади.