Суратга кўчган оғриқлар
Умрни оқар сувга менгзайдилар. Бу бежиз эмас. Инсон умри давомида катта довонлардан ўтиб, ҳаётнинг гоҳ аччиқ, зардобли, гоҳида сокин нуқталарида тобланиб боради. Шундай пайтларда баъзан беғубор болаликка қайтгиси, тупроқ босган сўқмоқларда оёқяланг кезгиси келаверади.
Ёшлигимда Афросиёб тепаликларида кўп бўлганман. Тешиктош ёнида шамолнинг увлаб аждодларимиз қисматини сўйлаганларини эшитганман. Тепаликда туриб, қўлида найзаю қилич тутиб, “урҳо-ур” қилган боболаримни, даштни ларзага келтириб, от чопган, томирида аждодларимиз қони кўпирган Тўмарис, Бий бобосининг ўғли Алпомишга ибрат бўлиб, орият учун Кўкаманни курашда енгиб, кўкрагига тиззасини босган жанговар Барчинойни тасаввур қилганман.
Тошларда муҳрланган суратларга қараб, соатлаб ўйга толаман. Хаёлимда қад ростлаган зотлар менинг аждодларим - менинг боболарим, момоларим! Томиримизда уларнинг қони оқаётганидан фахр туйғулари вужудимга ҳаловат бағишлайди.
Ҳиссиётларимни кечқурун болаларимга айтиб бераман, халқимизда ҳар бир киши етти аждодини билиши лозимлигини, кишида бадиий адабиётга, санъатга бўлган иштиёқ аслида илоҳий неъмат эканлигини уқтираман.
Одатда биз болаларимизни ҳали ёш бола деган тасаввур билан балоғат ёшига етгунларига қадар авайлаймиз. Яна ҳам аниқроқ ифода қиладиган бўлсак, улар бирор юмушни уддалай олмаса ҳам ёки бирон бир хато қилса ҳам бола-да”, деб ўзимизни овутамиз. Энг ёмони, болаларимизнинг ўзлари ҳам бунга кўникиб қоладилар.
Бизнинг халқимиздек болажон ва серфарзанд халқ бўлмаса керак. Боз устига, биз фарзандларимизни урф-одатларимиз, қадриятларимизни ҳурмат қилишга, санъат ва адабиётни севишга ўргатадиган халқмиз. Барча маънавий меросимиз ҳам болаларга меҳр кўрсатишни тарғиб қилади. Аммо болани ортиқча эркалатиб, уни талтайтириб юборамиз ва охир-оқибат келажакда ўз ўрнини тополмасдан, қийналиб қолишига сабабчи бўламиз. Аждодларимиз инсонга болалигиданоқ ҳар бир ишни хайрли ният билан қилишни, ҳар қандай юмушнинг охирини ўйлашни, унинг ажру-савобини ҳам, масъулиятини ҳам ҳисобга олишни ўргатади.
Таъкидлаш ўринлики, бугун мамлакатимизда таълимга, ёшлар тарбиясига қаратилаётган эътибор давлатимизнинг бош мақсадларидан бири бўлиб турибди. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, 30 июнь “Ёшлар куни” деб эълон қилиниши ва бу борада кенг кўламдаги амалий ишлар қилинаётганлиги фикримиз тасдиғидир. Мактабгача таълимдан бошлаб, таълимнинг барча босқичларида қилинаётган ишлар, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун етарли шароит яратилиши, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятининг қўллаб-қувватланаётгани ва бошқа имтиёзлар аллақачон ўзининг самарасини бермоқда. Ва бу ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ҳақиқатда ижод намуналаридан бири бўлган расмлар ҳам миллий маънавиятимиз кўзгуси. Уларда тарихий ҳақиқат ва бадиий ҳақиқат уйғунлашади. Мусаввир ҳаётни теран кузатади, бошқалар кўзи илғамаган жиҳатларни кўра олади, ўз тафаккури призмасидан ўтказган ҳаётий ҳақиқатларни борича қоғозга муҳрлайди. Шу боис суратлар маъносини тушунган киши ҳаяжонга тушади, ҳайратланади, умр аталмиш илоҳий неъматнинг ҳар дақиқаси қадрли эканлигини англайди.
Бугун эътиборингизни руҳиятимга таъсир қилган бир расмга, аниқроғи, олис бир қишлоқнинг чекка уйида яшаб, оддийгина мактабда таълим олиб келаётган мусаввир, зукко, иқтидорли ўқувчимизнинг ижод маҳсулига қаратмоқчиман.
Ёшлигидан мусаввирликка меҳр билан улғайган Дилнура Сувонова дастлаб оддий дафтарга табиатнинг ўзини мафтун қилган лаҳзаларини чизишга уринди. Ойлар давомида қилинган машқлар туфайли тасвирлар маъно касб эта бошлади. Устози Музаффар Бегматов берган тавсиялар, йўл-йўриқлар туфайли у чизган расмларда ранглар тилга кира бошлади. Атрофдагилар унинг мусаввирлик оламида ўз ўрнини топишга интилаётганини эътироф эта бошладилар. Менда ҳам унинг чизган суратларига қизиқиш уйғонди ва яқиндан танишишни ният қилдим.
Дастлаб у чизган расмни кўрганимданоқ кўнглимнинг қат-қатида бир оғриқ уйғонди, тасвирлаб бўлмас туйғудан руҳиятим бир қалқиб тушди, беихтиёр кўзимга ёш келди ва муаллифнинг ота-онасига ва албатта, моҳир устозига тасаннолар айтдим. Чунки шу битта қоғоздаги оддий расмга қараб, ҳаёт деб аталмиш бу улкан борлиқда кишининг ўз йўлини қандай белгилаб олиши, бунда ота-онанинг фарзандлари олдидаги бурчи ва масъулиятларининг нечоғли аҳамиятли эканлигини яққол кўриш, ҳис этиш мумкин.
Орқа фондаги тасвирда яхшилик ва ёмонлик, таъбир жоиз бўлса, жаннат ва дўзах ёнма-ён ифодаланган, деб талқин қилишга мойиллик сездим ўзимда. Бир дарахт икки шохларининг ҳолати, ундаги эзгулик ва яхшилик тимсоли бўлган кабутар ва ёвузлик тимсоли бўлган, йиртқич қуш – қарчиғайнинг тасвирланганлиги, ҳатто бобо қуёш қиёфасининг кўриниши жуда катта бой фалсафий маъноларга ишора қилаётгандай. Ота-оналарнинг ўз айшу-ишратларини ўйлаб, енгил-елпи ҳаёт кечиришларининг салбий оқибатлари, мажруҳ фарзандлар ва аксинча, илмли, тақволи, маърифатли оила фарзандларининг бахтли чеҳраларидан кўп нарсаларни уқиш, тафаккур қилиш имконияти мужассам.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, шу иқтидорли ўқувчимизнинг маҳорати, устозининг меҳнати, ота-онасининг дуолари самараси бўлган ҳамда Японияда бўлиб ўтган халқаро танловда ғолибликни қўлга киритиб, юксак эътирофга сазовор бўлган ушбу расмга қараб соатлаб гапириш, мисоллар келтириш, намуна қилиб кўрсатиш мумкин. Мен таълим муассасалари, ташкилотлар раҳбарларига ушбу расмни ўқувчиларга, ходимларга, оиламиз аъзолари ва яқинларимизга ва умуман, кўпчиликка кўрсатишларини, муассасалар деворларига осиб қўйишларини, расмга қараб турли иншолар, эссе ва ҳикоялар ёзиш бўйича ўзига хос турли танловлар ўтказишни тавсия қилардим. Муаллиф ва унинг устози билан учрашувлар ўтказиш яхши самара беради, деб ўйлайман. Зеро, бундай иқтидорлар ҳар қадамимизда, ҳар-биримизнинг уйимизда, ёнимизда бор, фақат биз уларни вақтида кўра билсак, топсак ва қўллаб-қувватласак, бас.
Биз фарзандларимизни болаликларидан, аввало, одобли, яхши-ёмоннинг, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига борадиган қилиб тарбияласак, ақлини таниганларидан бошлаб, уларга тозалик, тартиб-интизом қоидаларини ўргатиб борсак, иму-маърифат берсак, миллий-маънавий қадриятларимизни уларнинг онгу шуурига сингдирсак, улар ҳар томонлама етук, юксак маънавиятли, баркамол авлод бўлиб улғайишади. Шундагина улар она Ватанига, миллатимизга, халқимизга, ота-онасига садоқат билан хизмат қилади. Шундагина биз ҳақиқатда буюк бўламиз, зеро, бунинг учун ҳамма имконият ва шароитлар етарли.
Қаюм СОБИРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.