Сувимиз қимматми? Биз унинг қадрига етяпмизми?

Бобомнинг ҳовлиси олдида Жўйиариқ (чуқур ариқ) бор эди. У киши доим бу ариқ атрофини тозалаб қўяр, ялпизлар ўсарди. Эсимда, ариқ энли, чуқур, суви эса тез оқарди. Биз бу сувдан ичардик, онам ёпган иссиқ кулчаларни шу сувга ботириб ердик. Ҳеч қачон шу сувдан ичиб, касал бўлмаганмиз. 

Саратон кунлари онам чорпояда ўтириб, “Болам, Жўйиариқдан дўлча (сариқ рангдаги, металдан ясалган, устига қопқоғи бор, чамаси 4 литрлар сув кетадиган идиш)ни тўлдириб келтиргин”, дер эди. Кейин сувни тиндириб, пиёлада олиб ичарди. 

Шу ариқ сувига чўмилган одамнинг танаси ва териси ҳам ором оларди. Баъзи тери касалликлари учун шифобахш эди. Ҳар йили одамлар ҳашар қилиб, ариқни қазишарди. 

1993 йилларга қадар ариқ сувини қайнатмасдан истеъмол қилдик. Кейинчалик ариққа одамлар томонидан елим идиш ва халта ташлаш, баъзида оқова оқизиб қўйиш ҳолатлари учради. Бугун бу ариқ анча торайган, саёз ва сувини ичиб бўлмайди, одамлар ҳатто қўл ювмайди.

Бобом бизга “Сувга тупурманглар, сувни ифлослантирманглар, бу – увол”, дерди. Энди эса увол ва савобни унутгандекмиз, сувнинг қадрини ҳис қилмаяпмиз.

Бугун сув сатҳи пасаймоқда, кўллар, ороллар қуримокда. Одамлар сувни сотиб олиб ичаётган ёки сувсизликдан азият чекаётган бир пайтда, баъзилар машинасини ичимлик сувини оқизиб қўйиб ювяпти, ҳовлисига, кўчага шу сувдан сепяпти, экинларини суғормоқда. 

Эндиликда, жўмракдан келаётган сувни ичсанг ҳам касал бўлишинг мумкин. Қайнатсанг, идишнинг тагида турли чўкиндилар тош бўлиб қотмоқда. 

Қарийб ўн йилдан буён сувни музлаткичда музлатиб, сўнгра эритиб ичамиз. Эриган сув остида турли чўкиндилар борлигини кўраман. Тажрибамиз шуни кўрсатмоқдаки, 5 литр сув таркибидан қарийб ярим пиёла миқдорида 20, 40 грамдан ортиқ чўкма (хлор, қувурнинг занги, қум зарралар ёки бактериялар) ҳосил бўлади. 

Илгарилари ҳар бир маҳаллада ҳашар йўли билан қазилган ҳовузлар бўларди. Ҳовуз атрофи ўралмаган бўлса ҳам ҳеч ким чўмилмасди, сувини ифлослантирмасди. Ҳозир маҳаллаларда ҳовузлар деярли йўқолиб кетди.

Айни кунларда электр энергияси танқислигининг олдини олиш учун муқобил энергиядан фойдаланиш учун ислоҳотларни амалга оширяпмиз. Электрсиз яшаш мумкиндир, аммо сувсиз яшаб бўлмайди.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, экологик уйларда ёмғир сувлари уйнинг махсус ҳовузларида жамғарилади. Фильтрдан ўтказилиб, истеъмол учун ишлатилади. 

Биз ҳам бир нечта кўп қаватли уйлар атрофида ёмғир сувларини жамғариш механизмини ишлаб чиқсак бўлмайдими?

Ҳудудларнинг релефи бир хил эмас. Айниқса, чуқур ҳудудларда ёмғир сувлари тўпланиб, аҳолининг яшаш жойларига ҳам зарар келтирмоқда. Нега шу жойларга сув жамғариладиган ҳовузлар барпо этилмайди?

Илгарилари одамлар чўмилиш учун бир ёки икки челак (10-20 литр) сув ишлатган бўлса, ҳозир ваннани тахминан 100 литр сувга тўлдириб, чўмиламиз. Сўнг яна душ қабул қилинади. 

Бассейнлар, сауналарда эса тонналаб сув исроф қилинмоқда. 

Таклифимиз хонадонлардаги ичимлик суви тармоқлари учун ҳисоблагичдан ташқари ҳаммом, ҳожатхона учун махсус ҳисоблагичлар ўрнатиб, ишлатилган сувнинг нархини қимматроқ таърифда белгилаш лозим. 

Назаримда, сувнинг нархи оширилиши билан истеъмол маданияти ҳам секин-аста изга туша боради. Қолаверса, сув ресурслари тежалишига олиб келади.

Аммо фуқароларнинг сувга муносабати ўзгармаса, барча ҳаракатлар самараси сезилмайди. 

Юсуфжон САЛИМОВ.