“Суюнчи пули”ни олиш тартиби қандай?
Халқ тилида “Суюнчи нафақаси” деб аталадиган бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳар бир туғилган фарзанд учун тўлаб берилади.
Пенсия жамғармаси берган маълумотга кўра, бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа суммаси - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 70,3 фоизи деб белгиланган. Яъни ҳозирги кунда 688 940 сўмни ташкил этади.
Суюнчи нафақасини олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?
Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, бунда фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш мақсадида “суюнчи нафақаси”ни тайинлаш бўйича хизматлар 2020 йилдан бошлаб, фуқаронинг мурожаатисиз композит шаклида амалга оширилмоқда.
Яъни, бугунги кунда бола туғилганда болага бериладиган фамилия, исм ва ота исми, ота-она ва уларнинг никоҳи, бола рўйхатга қўйиладиган поликлиника ва ички ишлар бўлими, навбатга қўйиладиган давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳақидаги барча маълумотлар тиббиёт муассасаси (туғруқхона, шифохона туғруқ бўлими, оилавий поликлиника) томонидан «Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш» автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.
Пенсия жамғармаси томонидан барча зарур маълумотлар тиббиёт муассасаси ва ФҲДЁ ахборот тизимларидан электрон шаклда олинган ҳолда “Суюнчи” нафақаси автоматик равишда тайинланади.
Бунда, боланинг отаси ёки онаси Пенсия жамғармасига мурожаат қилмасдан тўғридан-тўғри Халқ банкининг исталган филиалига мурожаат қилиш орқали “суюнчи” нафақасини олиш имконияти яратилган. Бундан ташқари, фуқаронинг хоҳишига кўра ушбу нафақалар Халқ банкига ҳам мурожаат қилмасдан уларнинг банк картасига юклаб берилиши мумкин.
Маълумот учун: бола туғилгандан бошлаб 6 ой муддат ичида бир марталик нафақа пулини олиш учун Халқ банкининг исталган филиалига мурожаат қилиш мумкин.
Нафақа тайинлаш ва тўлаш жараёнлари осонлаштирилганлиги натижасида ушбу нафақани олувчилар сони ошди. Мисол учун, статистик маълумотларга мувофиқ, 2022 йилда туғилган болалар сони 932,2 мингтани ташкил этган бўлса “суюнчи” нафақаси 922,4 минг нафарига (ёки 98,9фоиз) тўлаб берилган. Таққослаш учун: 2018 йилда туғилган болалар сони 768,5 минг нафарни ташкил этиб, “суюнчи” нафақасини олиш учун 681,7 минг нафар (ёки 88,7 фоиз) мурожаат қилган.