«Суюнчи пули» учун энди пенсия жамғармасига бориш шарт эмас

- Шу пайтгача бола туғилганда суюнчи нафақаси ва дафн этиш нафақаси тайинлашни сўраб пенсия жамғармасига мурожаат қилар эдик. Энди бошқача тартиб жорий этилди, деб эшитдик. Шу ростми?

Валихон Тўхтаев, Пайариқ тумани.

- Ҳа, бу борада фуқаролар учун енгиллик яратилди. Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 23 май куни “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди. Қарорга кўра, бир қатор маъмурий регламентлар тасдиқланди.

Жумладан, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб фуқаролар фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа (суюнчи пули) ва дафн маросими учун нафақа тайинлаш, шунингдек, пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжудлиги ҳақида ҳамда пенсия ва нафақа миқдори тўғрисида маълумотномаларни давлат хизматлари марказига (ДХМ) борган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали олиш мумкин.

Бунда барча ишловчи ёки ишламайдиган фуқаролар бола туғилган кундан 6 ой ичида, дафн этиш нафақасини эса вафот этган кундан 60 кун ичида ДХМ ёки ЯИДХП орқали мурожаат этишлари лозим бўлади.

Фуқаролар суюнчи ва дафн нафақасини олиш учун ўзларига қулай бўлган Халқ банки филиалини танлаган ҳолда, нафақаларни ушбу филиал орқали олиш имкониятига эга.

Тегишли сўровнома Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига юборилади. Пенсия жамғармаси ўз навбатида нафақани тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Нафақа тайинланган тақдирда, нафақани қачон ва қаердан олиш тўғрисида маълумот, нафақа тайинлаш рад этилганда рад этиш сабаблари кўрсатилган маълумот тегишли давлат хизматлари марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига электрон тарзда юборилади. Мазкур давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.

Маълумот ўрнида: корхона ва ташкилотлар ҳозирда амалдаги тартибга кўра жорий ой учун нафақа ва бошқа тўловларни қоплашга пенсия жамғармаси бўлимларига кейинги ойнинг 10 санасига қадар талабнома тақдим этадилар. Шундан келиб чиқиб ишловчи  фуқаролар бўйича суюнчи ёки дафн этиш нафақасини июнь ойининг 10 санасига қадар тақдим этишлари керак бўлади ва кейинчалик июль ойидан бошлаб суюнчи ёки дафн нафақаси учун талабномалар тақдим этилмайди.

Саволга Бюджетдан ташқари  Пенсия жамғармаси  Самарқанд вилоят  бошқармаси бўлим бошлиғи Абдурашид Раҳимов жавоб берди.