Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси “суюнчи” пулидан воз кечишга чақирди

Ўзбек оиласида фарзанд дунёга келиши ўзгача хурсандчилик ва шодиёна билан қабул қилинади. Фарзанд дунёга келгач, унинг яқинлари доя, шифокор ва ҳамширалар, ҳатто фаррошгача “суюнчи” пули тарқатади. Бу ёмон одат анъана тусини олиб, одамлар орасида кенг тарқалган.

Мана шу ёмон одат оқибатида туғуруқ мажмуаларида “суюнчи тарқатиш” тадбири  коррупциянинг тегирмонига сув қуймоқда. Бу масканларда ишлайдиган шифокор ва ҳамширалар ҳам қилган “хизматлари” учун ойликдан ташқари, “суюнчи” ҳам олишга одатланиб бўлган. Энг ёмони, “суюнчи”ни шифокору ҳамширалар чўнтагига тиқиш орқали уларни коррупцияга чорлаётганимизни, эндигина дунёга келган фарзандимиз ҳаётининг илк кунидан коррупцияга аралаштираётганимизни наҳотки билмасак?!

Азиз юртдошлар, туғуруқ мажмуаларида давлат томонидан барча шароитлар яратилган. Ёш авлоднинг соғ-саломат дунёга келишини таъминлаш учун масъул бўлган саломатлигимиз посбонлари бу вазифани бажарганликлари учун давлатдан маош олади. Шундай экан, “суюнчи” бу коррупция, сизнинг кўрсатаётган иноятингиз эса жиноятдир.

Муҳтарам юртдошлар! Коррупция ва жиноятдан йироқ юринг! Эндигина дунёга келган гўдагингиз ҳаётини коррупцияга аралаштирманг.

Д.Жуманиязов,

вилоят соғлиқни сақлаш

бошқармаси бошлиғи.