Талаба фарзандли бўлса, суюнчи пулини ким беради?
Кейинги вақтда ижтимоий тармоқларда суюнчи нафақасини олиш тартиби бўйича турли маълумот ва фикрлар тарқалмоқда. Уларда қонунчиликни нотўғри талқин қилиш ҳолатлари ҳам учрайди. Биз соҳа мутахассисларига мазкур масалалар юзасидан мурожаат қилиб, изоҳ олдик.
- Талаба фарзандли бўлса, унга олий таълим муассасаси томонидан бир марталик суюнчи нафақаси бериладими? Унинг тартиби қандай?
- Қонунчилигимизда бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 70,3 фоизи деб белгиланган. 2023 йилнинг 1 декабридан бу миқдор 738150 сўмни ташкил этади.
Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 80-бандига кўра, ишлаётган аёлларга ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида, магистратура, аспирантура, клиник ординатура, докторантурада таҳсил олаётган аёлларга бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа тегишлича иш ёки ўқиш жойидан тўланади.
Боланинг онаси ишламайдиган ва ўқимайдиган ҳолларда нафақа боланинг ишлайдиган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқийдиган отаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга тўланади. Ишламайдиган ва ўқимайдиган ота-оналарга эса тегишли тўлов ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан тўланади.
- Суюнчи нафақасини олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?
- Халқ тилида “суюнчи” нафақаси деб аталадиган бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ҳар бир туғилган фарзанд учун алоҳида тўланади. Уни тайинлаш бўйича хизматлар 2020 йилдан бошлаб фуқаронинг мурожаатисиз композит шаклида амалга оширилмоқда.
Яъни, бола туғилганда болага бериладиган фамилия, исм ва отасининг исми, ота-она ва уларнинг никоҳи, бола рўйхатга қўйиладиган поликлиника ва ички ишлар бўлими, навбатга қўйиладиган давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳақидаги барча маълумотлар тиббиёт муассасаси томонидан "Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан, перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш" автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.
Пенсия жамғармаси суюнчи нафақасини электрон шаклда олинган маълумотлар асосида автоматик равишда тайинлайди.
Саволларга Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази ходими Баҳром Қобилов жавоб берди.