Таълим кредити ажратиш учун банклар маҳаллаларга бириктирилди

Мазкур таълим кредитлари, олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади. Тижорат банклари томонидан ажратиладиган таълим кредити чин етимларга, Меҳрибонлик уйларида тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига фоизсиз, талабаларнинг қолган тоифаларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкаси асосида берилади.

Таълим кредити ажратилишида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида тижорат банкларининг филиаллари ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларига бириктирилди. Талабалар, уларнинг ота-оналари ёки васийларида таълим кредитидан фойдаланиш истаги бўлса, ўзлари истиқомат қилаётган маҳаллага бириктирилган тижорат банки филиалига мурожаат этишлари мумкин. Бу ҳақдаги маълумотлар маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда олий таълим муассасаларига ҳам тарқатилган.

Ж.Бахриев,

Марказий банкнинг вилоят

бош бошқармаси кредит бўлими бошлиғи.