Табиий газ етиб бормаган ҳудудлардаги мактаб ва шифохоналар кўмир билан таъминланди
Ёз ўз ўрнини кузга бўшатиб бермоқда. Кунлар салқинлаб қолди. Ҳадемай ёғин-сочинли кунлар бошланади. Ёз ёпинчиғингни ташлама, қишда ўзинг биласан, деган гап бор. Шунинг учун ҳам ёз ойларидаёқ куз-қиш мавсумига ҳозирлик кўрилади. Бу пайтда зарур чора-тадбирлар кўрилса, эрта қаҳратон қишда ҳеч ким қийналиб қолмай, совуқ кунларни беталофат ўтказиб оламиз.
Ҳукумат томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан белгиланган чора-тадбирлар дастурида табиий газ етиб бормаган таълим ва тиббиёт муассасаларига ёзги таътил пайтидаёқ зарур миқдорда кўмир ёқилғиси етказиб бериш белгиланган.
Ушбу вазифадан келиб чиқиб, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти “Koʻmir taʼminot” масъулияти чекланган жамияти Самарқанд вилояти филиали томонидан ҳам вилоятдаги умумий ўрта таълим мактаблари, боғчалар, болалар мусиқа ва санъат, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда тиббиёт муассасалари белгиланган миқдорда кўмир билан таъминланди.
– Бугунги кунда вилоятдаги темирйўл станцияларида 8 та кўмир омбори, Ургут ва Қўшработ туманларида 4 та шохобча мавжуд, – дейди “Koʻmir taʼminot” масъулияти чекланган жамияти Самарқанд филиали директори С.Жуманов. – Улар орқали ижтимоий соҳа ташкилотлари ва аҳолига кўмир ва кўмир маҳсулотлари етказиб берилади. 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсумида вилоятимиздаги таълим ва тиббиёт муассасаларига қарийб 45 минг тонна кўмир тарқатиш бўйича буюртма олган эдик. Жорий йилнинг май-июнь ойларида ушбу буюртмалар тўлиқ бажарилиб, муассасаларга кўмир маҳсулотлари тарқатиб бўлинди. Эндиликда аҳоли учун кўмир келтиришга ҳозирлик кўряпмиз. Бу йил аҳолига 118 минг маҳаллий ва 5 минг тонна импорт кўмир ва кўмир маҳсулотлари тарқатиш режалаштирилган. Айни пайтда маҳаллалар билан бирга кўмир олувчи фуқаролар рўйхати шакллантирилмоқда.