Тадбиркорлар ҳомийликка жалб этилмайди
Ҳозирда вилоятимизда 26 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда ва уларнинг 8,5 мингдан ортиғи жорий йилда ташкил этилган. Таҳлилларга кўра, республикамиздаги 33 миллиондан ортиқ аҳолининг ҳар 66 нафарига 1 корхона тўғри келади. Таққослайдиган бўлсак, 18 миллион аҳолиси бўлган қўшни Қозоғистонда 1 миллион 200 минг тадбиркор бор ва ҳар 15 фуқарога 1 корхона тўғри келади.
Бу маълумотлар Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят ҳокимининг вилоятимиз тадбиркорларига қилган мурожаатномаси мазмун-моҳиятига бағишлаб тадбиркорлар ва соҳа мутасаддилари иштирокида ташкил этилган тадбирда билдирилди.
Унда қайд этилишича, Президентимизнинг 2019 йил 26 июлда вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида тадбиркорликни ривожлантириш учун 320 та лойиҳа танлаб олинган. Асосий эътибор туризмни янги босқичга олиб чиқиш орқали бандликни таъминлаш, туризм кластерларини яратиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, мевани қуритиш, қайта ишлаш ва экспортни кўпайтириш билан мавжуд тадбиркорларни икки ҳиссага ошириш режалаштирилган. Шунингдек, аграр сектор тармоқларини кўпайтириш ҳам 2020 йилдаги тадбиркорликнинг асосий йўналишларидан ҳисобланади.
- Вилоятимизда 1 миллион 560 мингдан ортиқ меҳнатга лаёқатли фуқаро бор ва уларнинг 540 минг нафарига Халқ банкидан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси очилган, холос, - дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов. – Афсуски, тадбиркорлик қилиб, қонуний фаолият билан шуғулланиш истагидаги фуқаролар банкдан кредит олиш ва ер ажратиш масалаларидаги тўсиқлар туфайли фаолият бошламасдан туриб бу соҳадан безмоқда. Айрим раҳбарлар томонидан тадбиркорларни беҳуда йиғилишларга чақириш, ҳомийлик вазифаларини бажариш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Энди тадбиркорларни мажлисга жалб этиш, ҳомийликка мажбурлашга йўл қўйилмайди.
Тараққиёт ва фаровонликка фақат тадбиркорликни ривожлантириш орқали эришамиз. Бунинг учун тадбиркорга қулайлик яратиш ва янгидан фаолият бошлаётган субъектларга енгиллик яратиш мақсадида Жомбой туманида доимий ишловчи мини ускуналар кўргазмаси ҳам ташкил этилмоқда.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.