Тадбиркорларга имтиёзли ер ажратишни қўллаб-қувватлаймиз
"Ургут" эркин иқтисодий зонасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган номзодларнинг тадбиркорлар ҳамда йирик компаниялар вакиллари билан учрашувда ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитов партиянинг 5 мақсад, 500 вазифадан иборат сайловолди дастурига тўхталди:
- Сайловолди дастуримизда белгиланган илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш ва шу орқали саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,4 баробарга, меҳнат унумдорлигини 2 баробарга ошириш, 115 миллиард долларлик йирик лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Жумладан, рақамли технологияларга ихтисослашган корхоналарнинг экспорт фаолиятини жадаллаштириш, "Чип саноати", сунъий интеллект, нанотехнологиялар каби илғор тармоқларни ривожлантириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиш масалалари партиямизнинг диққат марказида бўлади. Шунингдек, кичик саноат зоналарида инвеститсия мажбуриятини бажарган тадбиркорларимизга ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат беришнинг қонуний асосларини яратамиз. Салоҳиятли тадбиркорларга кичик ва ёшлар саноат зоналаридан 10 йилгача бўлиб тўлаш имтиёзи билан ер ажратишни ҳам қўллаб-қувватлаймиз.