Тажрибали журналист ва ижодкор Ғайрат Бобоқулов 65 ёшида вафот этди

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Ғ.Бобоқулов 1958 йилда Паст Дарғом тумани Парчақора қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетида таҳсил олган.

Дастлаб, Паст Дарғом туманида колхозчи, кейин Большевик туманининг “Большевик” газетасида адабий ходим, Жума шаҳридаги 55-ҳунар-техника билим юртида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Собиқ Гўзалкент туманидаги “Гўзалкент овози” газетасида бўлим мудири, 1994-2002 йилларда ушбу газетанинг муҳаррири, “Паст Дарғом ҳақиқати” газетаси муҳаррири ўринбосари вазифаларида меҳнат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 10 йиллик эсдалик нишони билан тақдирланган. Унинг "Қий-чув маҳалласидаги ҳангомалар" китоби чоп этилганди.

Марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари таҳририяти жамоаси чуқур таъзия изҳор этади.

Ижодкорнинг ёрқин хотираси қалбимизда абадий қолажак.