Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Талабалар аппеляция инстанциясида кўрилаётган очиқ суд мажлисида қатнашди

Яқинда вилоят суди судьялари СамДУ ҳуқуқшунослик факультети талабалари билан учрашув ўтказган ва мазкур тадбирда келгуси учрашув вилоят судида ўтказилишига келишиб олинган эди.

Конституциямиз қабул қилинганлигининг 29 йиллиги олдидан Самарқанд вилоят суди ташаббуси билан “Конституция ва одил судлов” мавзуида янги форматда “очиқ эшиклар куни" ўтказилди.

Тадбирга СамДУ ҳуқуқшунослик факультети ҳамда Самарқанд юридик техникуми талабалари таклиф этилди. Талабаларни вилоят суди судьялари Баҳодир Алиқулов, Ҳулкар Келдиёрова, Бекзод Жумабоев ва суд ходимлари кутиб олди.

Дастлаб вилоят суди судьяси Б.Алиқулов талабаларга вилоят суди фаолияти ҳақида умумий тушунча берди. Шундан сўнг, талабалар кичик гуруҳларга бўлиниб, вилоят суди судьяларининг иш кабинетларига киришди, бевосита иш фаолияти билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Судьялар суд-ҳуқуқ соҳасида ишлаш катта шараф эканлиги билан бирга, улкан масъулият талаб қилишини, бунинг учун кучли билим, касбга садоқат, фидойилик ва тинимсиз ўз устида ишлаш лозимлигини билдиришди.

Кичик анжуманлар залида устозларнинг ибратли ҳаёт йўли мисоллар билан эътироф этилди.

Мажлислар залида вилоят суди судьялари Бекзод Жумабоев ва Ҳулкар Келдиёрова талабалар билан давра суҳбати ўтказиб, суд тизимидаги сўнгги ўзгаришлар, шунингдек, вилоят суди фаолияти ва тузилмаси ҳақида тушунча берди. Давра суҳбати расмийликдан йироқ, самимий ва дўстона ташкил этилгани сабабли талабалар ҳам жуда фаол иштирок этди.

Шундан сўнг талабалар икки гуруҳга бўлиниб, вилоят суди аппеляция инстанциясида кўрилаётган очиқ суд мажлисларида иштирок этди. Бу тадбир талабаларда катта таассурот қолдирди, чунки улар ҳақиқий суд жараёнида иштирок этиб, олаётган назарий билимларини амалиётдаги кўринишининг гувоҳи бўлишди.

“Назария ва амалиёт уйғунлиги - муваффақият омили” шиори остида ташкил этилган мазкур тадбирда ҳаяжон билан иштирок этган ҳар бир талаба танлаган касбига бўлган меҳри ошиб, янада шижоат билан ўқиш, ўрганишга, мақсад сари собитқадамлик билан интилишга ваъда берди.