Талабалар ассоциацияси дунё ёшларини бирлаштирмоқда

Шу йилнинг 22 январь куни Ўзбекистон талабалар ассоциацияси ташкил этилди.

Бунинг учун, аввало, Самарқанд давлат университетидан алоҳида хона ажратилди. Ўтган давр мобайнида ассоциация республикамиздан 70 та олий таълим муассасасида таълим олаётган 1000 нафарга яқин талабани қамраб олди. Онлайн платформа орқали аъзоликка қабул қилиш давом этмоқда.

“Ўзбекистон талабалар ассоциациясининг” низоми, тақдимоти ва асосий мақсад-моҳияти кўриб чиқилди, тегишли йўналишлар белгилаб олинди. Ўзининг муҳрига ва ҳисоб рақамига эга бўлди, логотипи яратилди. Ижтимоий тармоқларда саҳифалари ишга туширилиб, талабаларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилмоқда.

Ассоциацияга доир тарғиботлар, рус, инглиз, француз, тожик тилларида видеороликлар тайёрланиб, талабаларга тақдим этилди. Уларнинг фикри ўрганилмоқда.

ZOOМ платформаси орқали республика олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида таклиф ва мулоҳазалар ўрганилди. Шунингдек, 70 та олий таълимда ассоциация вакиллари тайинланди.

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳамда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб турли тадбирлар ўтказилди.

Республикамиз ва хориж олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар ўртасида халқаро илмий-амалий конференция ташкил қилиниб, фаол иштирок этган талаба-ёшларга ассоциациянинг махсус сертификатлари топширилди. 

- Ўзбекистон ёшларини, уларнинг дадил ташаббусини чин юракдан қўллаб-қувватлайман, - дейди Голландиядаги Лейдин университети магистранти Кае Мария Александра. - Талаба-ёшлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўзаро бирдамлигига эришиш жуда муҳим масала. Ўзбекистон талабалар ассоциациясининг анжуманларида иштирок этиб, ушбу тузилма фаолиятига муваффақият тилаганим, мени жуда мамнун этди. Ўзбекистон Президентининг талабаларга эътибори ва ғамхўрлиги ҳақида тенгдошларимдан эшитиб, ҳайратландим. Бугун дунё ёшларни эшитиш, фикрларига қулоқ солиш, улар билан ҳисоблашиш - катта жасорат. Бу ассоциация тез орада нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон ёшларини бирлаштиришга хизмат қиладиган тузилмага айланади.

Самарқандлик ёшлар ташаббуси, Президентимиз эътибор ва ғамхўрлиги билан дунёга келган мазкур тузилманинг асосий мақсади - бир олий ўқув юрти билан иккинчи бир олий ўқув юрти талабалари ўртасида алоқа ўрнатиш, ёшларнинг чет мамлакатларда таълим олишини таъминлаш, умуман, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашдир.

Аллаёр Норбоев,

ассоциация аъзоси.