Талабалар Финландия таълим тажрибаси асосида ўқитилади
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон-Финландия педагогика институти очилганига икки йил бўлди. Бугун институтда математика, физика, кимё, биология, бошланғич таълим, мактабгача таълим каби йўналишларда мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган.
2023-2024 ўқув йилида қабул параметрлари бўйича бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига 1295 та, сиртқи таълимга 675 та, кечки таълимга 225 та, магистратурага 130 та квота ажратилди. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида журналист ва блогерлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида олий таълим муассасаси масъуллари маълум қилди.
- Ўзбекистон-Финландия педагогика институти бугун жаҳонда тан олинган Финландия ўқитиш методикасини Ўзбекистон таълим соҳасига тадбиқ этиш мақсадида очилди, - деди институтнинг биринчи проректори З.Мўминова. - Бугунги кунда институтимизда 5 та факультет, 17 та таълим йўналишлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда 6975 нафар биринчи ва иккинчи курс талабаларимиз таҳсил олмоқда. Бу йил Финландиядан икки нафар таълим экспертлари келиб, институтимиздаги таълим дастурлари билан танишди, педагогларга янгича методларни қўллаш борасида ёрдам берди. Финландия таълим тажрибасидан келиб чиқиб, талабаларни креактив фикрлашга ундайдиган учта янги фанни ўқитишни режалаштирдик. Йилдан йилга бу жараён янада такомиллаштирилади.
Шунингдек, институтда квотага қўшимча равишда имтиёзли ўринлар ҳам ажратилган. Масалан, мақсадли қабулга 46 та, ҳарбий тавсияномага эга бўлганларга 65 та, меҳрибонлик уйи болаларига 22 та, беш йиллик стажга эга бўлган ўқитувчиларга 6 та, ногиронлиги бўлган шахсларга 44 та ўрин ажратилган. Бундан ташқари, вилоятлар кесимида тақсимланган, хотин-қизлар учун 46 та имтиёзли ўрин берилган.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.