Талабалар тадбиркорликка бепул ўқитилмоқда

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида  «Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази» вилоят филиали томонидан жойлардаги уюшмаган ёшлар, маҳаллалардаги ишсиз аҳоли учун бепул тадбиркорлик ўқув курслари ўтказилмоқда.

Ташкил этилган курсларда 115 нафар тадбиркорлик фаолиятига қизиққан тингловчилар қатнашиб, мустақил бизнес фаолиятини бошлаш, бизнес-режа тузиш, банкда миллий ҳамда хорижий валютада ҳисобварақ очиш, кредит олиш шартлари ва тартиби ҳамда тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлар бўйича машғулотларда иштирок этди. Ҳафталик мазкур курслар якунида тингловчиларга сертификатлар топширилди.

- Марказимиз томонидан 2019 йилда “Yoshlar - kelajagimiz” давлат дастури асосида олийгоҳларда тўққиз маротаба ўқув курслари ташкил этилди, - дейди «Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази» вилоят филиали раҳбари  Нодир Бобокалонов. – Ўтган курсларда қатнашган 338 нафар тингловчидан 266 нафари махсус сертификат билан тақдирланди. Умуман, ўтган йил давомида ташкил этилган машғулотларда 1000 нафардан зиёд тингловчи ўқитилди. Уларнинг 54 нафари ўз бизнесига эга бўлди, қолганлари фаолиятини кенгайтиришга эришди.