Талабалар учун "Хишрав" гидроэлектростанциясида сайёр дарс ташкил этилди

2023 йил сентябрь ойида Самарқанд халқаро технология университети (SIUT)да Хитойнинг нуфузли Шимоли-Шарқий электроэнергетика университети (Northeast Electric Power University, NEEPU) билан ҳамкорликда Хитой энергетика институти (CIEP) ташкил этилди.

Ушбу институтда Хитойнинг олий таълим дастурлари асосида иссиқлик энергетикаси бўйича замонавий ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилди. Айни пайтда Хитой энегетика институтининг «Иссиқлик энергетикаси» йўналишида 37 нафар талаба таҳсил олмоқда.

SIUT ўзининг амалий таълимга йўналтирилган ёндашуви орқали талабаларнинг келажакдаги муваффақиятини таъминлашда давом этмоқда. шу мақсадда CIEP профессори Ли Хинг Cан ва амалий таълим бўлими бошлиғи Элбек Амирхонов ташаббуси билан Хитой энергетика институтининг «Иссиқлик энергетикаси» йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун «Узбекгидроэнерго» АЖ «Самарқанд ГЭС Каскад» (Хишрав гидроэлектростанцияси)да сайёр дарс ташкил этилди.

Сайёр дарс давомида талабалар электр энергияси ишлаб чиқаришнинг замонавий усуллари, гидроэлектростанцияларининг ишлаш принциплари ва энергия самарадорлигини ошириш усуллари билан яқиндан танишдилар. Мазкур сайёр дарслар орқали талаба-ёшларнинг энергетика соҳасидаги билимларини янада чуқурлаштириш, назарияда эгаллаган билимларини амалий тажриба орқали бойитишни кўзда тутилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур сайёр дарслар давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони доирасидаги илғор ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишнинг ёрқин намунаси бўлиб, қайта тикланадиган энергия манбалари ва табиий ресурслардан самарали фойдаланишни ривожлантириш мақсадларига хизмат қилади.