Самарқанд халқаро технология университети – (SIUT) фаолият бошлаганига икки йил бўлди

Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" халқаро туризм марказида тадбир ташкил этилди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, профессор-ўқитувчилар, университетнинг хорижлик ҳамкорлари, талабалар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонига асосан 2022 йил 4 февралда Самарқанд халқаро технология университети ташкил этилди. Бундан мақсад - Ўзбекистонни жаҳон иқтисодиётига муваффақиятли интеграция қилиш учун ўзида илғор муҳандислик билимлари мавжуд бўлган, ижодий фикрлаш қобилиятига эга, инновацион технологияларни яратиш ва жорий этиш кўникмаларини эгаллаган юқори малакали янги мутахассисларни тайёрлаш эди.

- Айни кунда ушбу мураккаб вазифани бажариш учун университетда техник таълим, хориж стандартлари асосида муҳандис кадрларни тайёрлашнинг амалдаги тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда, - дейди университет ректори, профессор Юсуф Абдуллаев. - Шу мақсадда мазкур таълим масканига Америка, Польша, Италия, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Жанубий Африка каби ўнлаб хорижнинг етакчи таълим даргоҳлари ва илмий-техника марказларида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ва маҳаллий мутахассислар таклиф қилинган.

Тадбирда хорижлик ҳамкорлар университет жамоасини икки йиллик фаолияти билан қутлади.

Тантанали тадбир миллий ва халқаро мусиқий куй-қўшиқ ва саҳна кўринишлари билан давом этди.