Таълимда эришилган натижалар эътироф этилди
Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган учинчи "Устозлар Миллий форуми”да дастлаб ўтган ўқув йилидаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Мамлакатимизда ўқитувчининг меҳнати, билимига яраша моддий рағбатлантириб бориш энг устувор вазифа сифатида белгилангани, мутахассислик фани бўйича синовлардан муваффақиятли ўтиб, Вазир жамғармаси орқали ойлик маошидан ташқари ҳар ойда 5,5 миллион сўмдан устама олиб келаётган 84 нафар вилоятимиз ўқитувчилари бунинг яққол намунаси эканлиги айтилди.
Жорий йилда вилоятимиз ўқувчилари асосий фан олимпиадасининг республика босқичида 9 та совринли ўринларни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Республикада биринчи ўринни қўлга киритди.
Шунингдек, халқаро кўрик-танловларда 165 та, республика кўрик-танловлари, мусобақа ва фестивалларда 254 та фахрли ўринларни эгаллашди. Мисол учун, яқинда Ҳиндистонда бўлиб ўтган Халқаро математика мусобақасида 30 та давлатдан 576 нафар иқтидорли ўқувчи орасидан Каттақўрғон туманидаги 48-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Давронбек Диёров катта ёшлилар жамоасида 3-ўринни эгаллаб, бронза медалига сазовор бўлди.
Ўтган йили 978 нафар битирувчи муддатдан олдин хорижий олий таълим муассасалари талабалари бўлишган бўлса, бу йилги кўрсаткич 1525 нафарни ташкил этди.
Битирувчиларимизнинг 36 нафари АҚШ, Германия, Италия, Франция, Япония, Корея ва Хитой каби давлатларнинг дунёдаги нуфузли “ТОП-100”талик рейтингига кирувчи олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди.
Мисол учун, Иштихон тумани 1-ИДУМнинг 11-синф битирувчиси Маҳмудов Самандар Акмал ўғли АҚШнинг 8 университетига муддатидан олдин ўқишга қабул қилиниб, 130 минг доллар грант ютганлиги қувонарли ҳолатдир.
Шунингдек, форумда ўтган ўқув йилида эришилган ютуқлар тилга олинди. Масалан, вилоят бўйича 68 та мактаб янги баҳолаш тизимига ўтказилди. Янги ўқув йилидан яна 50 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилади. Ихтисослаштирилган мактаблар 16 тадан 18 тага етказилди.
“Замонавий мактаб” мақомига эга бўлган мактаблар 113 тадан 209 тага (+96 та), Миллий ва халқаро сертификатга эга бўлган ўқитувчилар 1216 тадан 2444 тага (+1228 та) оширилди.
Ўқувчиларга 2 та хорижий тил ва 1 та касб ўргатилаётган мактаблар 80 тага етказилди.