Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таниқли журналист Абдурауф Қоржовов вафот этди

Моҳир публицист, тажрибали мухбир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдурауф Қоржовов 1956 йил 21 сентябрда Пайариқ туманида туғилган.

1981 йилда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаган. У илк иш фаолиятини туман газетасида мухбирликдан бошлаган. Кейинчалик “Ўзбекистон овози” (“Совет Ўзбекистони”) газетасининг Навоий, Хоразм вилоятларидаги ўз мухбири сифатида долзарб мавзулардаги мақолалари, танқидий-таҳлилий чиқишлари билан жамоатчилик назарига тушди.

Абдурауф ака узоқ йиллар Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг "Ахборот" дастурида фаолият юритди. Бу пайтда ўткир мавзуларда туркум кўрсатувлар тайёрлади.

А.Қоржовов 2020 йилдан буён "Янги Ўзбекистон" газетасида фаолият юритиб келаётган эди.

Абдурауф Қоржововнинг “Йўллар ва манзиллар”, “Табиатнинг мўъжизавий эҳсонлари” китоблари, ҳаммуаллифликдаги “Саҳро бўм-бўш эмас”, “Юрт фарзандлари”, “Хитой Ўзбекистонликлар нигоҳида” каби очерклар тўпламлари нашр этилган.

"Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари таҳририяти ва Zarnews.uz сайти жамоаси марҳум ҳамкасбимиз вафоти муносабати билан оила аъзоларига ҳамдардлик изҳор этади.