Тарбияга дарз кетдими ёхуд ўқувчи нега устозига қўл кўтаряпти?

Қадриятлар ҳаётимизда муҳим ўрин тутади. Чунки кундалик ҳаётимиз, инсоний муносабатларимиз, юртимиз тинчлиги, эркинлигимиз, илму маърифатимиз, маънавий бойликларимиз, урф-одатларимиз билан боғлиқ барча тасаввурлар шу тушунчада мужассам. 

Ёшлар онгига ўзи ўсиб улғайган юртга садоқат, қўни-қўшни, маҳалла аҳлига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, ота-онани, кексаларни эъзозлаш туйғуларини сингдириш ҳам аслида қадрият. Ҳазрат Навоийнинг «Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай», деган мисраларида ҳикмат яширин.

Юқорида қайд этилган хусусиятлар  болаларимизнинг тўй-маъракаларда иштирок этишида шаклланиб боради. Бугун юртимизнинг чекка қишлоқларидаги тўйларда кўпкарилар, курашлар ўтказилади. Бу  халқимизнинг асрлар давомида шаклланган ва аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келаётган анъанавий қадрияти. Айрим тўйларда халқ бахшиларининг иштирок этиши даврага ўзгача руҳ, файз бағишлайди. Алпомиш ҳақидаги достонларни тинглаган ҳар қандай боланинг кўнглида ватанпарварлик, садоқат, миллатпарварлик туйғуларининг шаклланиши шубҳасиз. 

Маҳаллада ўтказиладиган тадбирларда кекса бобою момларимиз бош-қош бўлса, шу тадбирнинг мазмун-моҳияти юқори бўлиб, ёшларга таъсири самарали бўлади. Халқимизда  «Бир болага етти қўшни ота-она», деган мақол бежизга айтилмаган.

Бугун ижтимоий тармоқларда мактабларда устозига қўл кўтарган ўқувчи, муаллимни ҳақорат қилган ота-она, шифокорга тан жароҳати етказган беморнинг яқинлари, турмуш ўртоғига қасд қилиб, аламини фарзандларидан олган эр-хотинлар  тўғрисидаги маълумотлар учрамоқда. Бунинг сабаби, оиладаги тарбияга тақалади. Шундай экан, фарзандларимиз таълим-тарбиясини миллий қадриятларимизга таянган ҳолда амалга оширсак, мақсадга мувофиқ.

Нигора САДИНОВА, 

Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд шаҳар бўлинмаси раҳбари.