Таржимон, аввало, миллий қадриятларимиз ҳақида ўзбек тилида яхши гапира олиши керак
Самарқанд давлат чет тиллар институтида “Миллий қадриятлар – жамият кўзгуси” мавзусидаги очиқ дарслар ташкил этилиши анъанага айланган.
Инглиз тили факультети хотин-қизлар билан ишлаш бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда қадим қадриятларимиз, миллий анъаналаримиз ҳақида талабаларга ўзбек тилида маълумотлар берилди. Улар эса бу маълумотларни турли тилларга таржима қилиб, саҳна кўринишларида ижро этишди.
- Самарқандга чет давлатлардан келаётган меҳмонлар сафи кундан-кунга кенгайяпти, - дейди инглиз тили тарихи ва грамматикаси кафедраси мудири Шаҳло Шомуродова. - Сайёҳларни кутиб олиш, уларга тарихимиз, анъаналаримиз ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумот беришда гид-таржимонларнинг маҳорати муҳим. Афсуски, бугунги кунда таржимонлик фаолияти билан шуғулланадиганларнинг айримлари бир-биридан қизиқарли урф-одатларимиз, уларнинг пайдо бўлиши ҳақида хорижликларга чет тилида тушунтириб беришда қийналиб қоляпти. Бундай ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида талабаларимиз учун тадбирлар ташкил этяпмиз. Улар миллий қадриятларимиз ҳақида аввало, ўзбек, кейин инглиз, немис, француз ва бошқа тилларда гапиришга ҳаракат қиляпти. Очиқ дарсларда қадимий анъаналаримиз, миллий таомлар ва ҳунармандчилик маҳсулотларимиз, уларнинг тайёрланиш жараёнлари амалий машғулотлар тарзида кўрсатиб бериляпти.
Институтда ўтказилган мазкур тадбирда қўл меҳнати маҳсулотлари ва миллий либослар кўргазмаси, қадим қадриятларни ўзида акс этган турли тиллардаги саҳна кўринишлари талабалар учун муҳим амалиёт дарси бўлди.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (фото).