Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ташаббусли бюджет лойиҳасида самарқандликларнинг 209 та таклифи ғолиб бўлди, улардан 70 таси йўл, 53 таси мактаб ва 11 таси шифохона таъмири бўйича

2022 йилда ташаббусли бюджет жараёнининг 1-босқичида фуқаролар томонидан 3661 та таклиф илгари сурилган бўлиб, ҳудудий ишчи комиссиялар томонидан 1692 та таклиф овоз бериш жараёнига ўтказилган. Мазкур жараёнда вилоят аҳолиси 369 015 та овоз берган.

Вилоят молия бош бошқармасига кўра, ташаббусли бюджет жараёни 1-босқич якунларига кўра, 209 та таклиф ғолиб деб топилган ва ушбу тадбирлар учун жами 114 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Ғолиб деб топилган таклифлардан 3 таси Олий Мажлис Сенатининг 2022 йил 22 апрелдаги 213-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига зид бўлганлиги сабабли рад қилинган. Шунингдек, ташаббусли бюджет жараёнида фуқаролар томонидан 2 мингдан ортиқ таклифларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентнинг тегишли қарори билан қўшимча равишда республика бюджетидан Каттақўрғон ва Иштихон туманларидаги бир неча объектлар учун 2,9 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Ғолиб таклифларнинг соҳалар кесимида таҳлили:
- умумтаълим мактабларини таъмирлаш - 53 та;
- ички йўлларни таъмирлаш - 70 та;
- соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш - 11 та;
- мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш - 33 та;
- ичимлик суви ва оқова тизимини яхшилаш - 5 та;
- кўча чироқларини ўрнатиш ёки таъмирлаш - 2 та;
- маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларини таъмирлаш - 14 та;
- электр тармоғини яхшилаш - 9 та;
- болалар ўйингоҳларини барпо этиш - 4 та;
- бошқа йўналишларда - 8 та таклифлар ҳиссасига тўғри келади.

Ушбу ғолиб таклифларни молиялаштириш бўйича ҳудудий ишчи коммиссиялар томонидан манзилли дастурлар ишлаб чиқилди ва халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, мавжуд ҳуқуқий ҳужжатларга асосан, 2022 йил 1 январдан эътиборан барча туман, шаҳарларда маҳаллий бюджет тасдиқланган харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида танланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиши белгилаб қўйилган.

2021 йил 1 июлдан бошлаб эса жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган маҳаллий бюджет қўшимча маблағларининг миқдори 30 фоизга оширилди.