Ташқи ишлар вазирлиги Россияга Ўзбекистон фуқаросининг вафоти юзасидан нота юборди

Россиянинг Хабаровск шаҳрида Ўзбекистон фуқаросининг ОМОН томонидан калтакланиши оқибатида вафоти юзасидан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги расмий нотани тақдим қилди.

Ҳолат Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги томонидан назоратга олинган. Бош консулхона марҳумнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб, зарур консуллик ва амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Фуқаронинг жасадини Ватанга қайтариш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, Хабаровск ўлкаси прокуратураси ва тергов бошқармасига, шунингдек Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирлигининг Хабаровскдаги ваколатхонасига ноталар юборилиб, ҳолатни холисона ва қонуний тартибда ўрганиш сўралди.

Вафот этиш сабаблари ҳозирча расман тасдиқланмаган. Қўшимча маълумот келиб тушиши билан жамоатчиликга хабар берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Россияда ўзбекистонлик мигрант ОМОНчилар томонидан калтаклаб ўлдирилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Манбаларга кўра, воқеа 12 декабрда Хабаровскда содир бўлган. Кучишлатар тузилмалар вакиллари кафелардан бирини сабабсиз бостириб кириб, у ердаги ўзбекистонликларни аёвсиз калтаклаган. Оқибатда икки фуқаро бошидан жиддий жароҳат олиб комага тушган, уларнинг қўл-оёқлари синдирилган. Комага тушганлардан бири бир неча кундан кейин вафот этган. Яна бир ўзбекистонлик ҳозирда шифохонада оғир аҳволда даволанмоқда.

Маълумотларга кўра, воқеа 12 декабрда Хабаровскда содир бўлган. Марҳум Каттақўрғон туманидан эканлиги айтилмоқда.