«Тахтиқорача» довонида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди
Ургут туманидан ўтувчи «Тахтиқорача» довонида Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳаракатларини бошқаришнинг давлат тизими (ФВДТ) ҳудудий хизматларининг махсус-тактик ўқув машқи бўлиб ўтди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, ўқув машқи бир нечта босқичда ўтказилган. Даслабки босқичда довонда қор кўчкиси содир бўлганда, тегишли хизматларнинг куч-воситалари фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун йиғилиб уларнинг шайлиги саф кўриги орқали кўздан кечирилган. Шунингдек, қор кўчкиси содир бўлиш хавфи мавжуд бўлган ҳудудлардан аҳоли ва моддий бойликларини хавфсиз жойларга кўчириш ишлари амалда кўриб чиқилган.
Навбатдаги босқичларда қор кўчкиси оқибатида транспорт воситалари билан боғлиқ шартли равишда содир этилган авто-авариялар оқибатлари бартараф этилиб, қор кўчкиси остида қолган фуқароларни қидириш ҳамда қутқарув ишларини амалга ошириш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш машқ қилинган.
Бундан ташқари ўқув машқи давомида довонда икки томонлама йўл ҳаракатини тиклаш, фуқароларнинг ҳаётий тизимини маромига келтириш, автомобиль йўлини қордан тозалаш, йўл қатнов қисмининг сирпанчиқ ва тик қияли ҳудудларида қум ва қум-туз аралашмасини сепиш, йўл белгиларини таъмирлаш ишлари, олиб борилган.