ТДИУ Самарқанд филиалининг илк талабалари диплом олди
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалини бу йил илк талабалари бўлган 201 нафар ёшлар битирмоқда.
Бугун филиалда жами 2108 нафар талаба таҳсил олаётган бўлса, улардан 1104 нафари кундузги таълим шаклида, 41 нафари қўшма, 726 нафари сиртқи, 237 нафари иккинчи олий таълим сиртқи, 81 нафари магистратура мутахассисликлари талабаларидир. Қабул параметрлари бўйича бу йил филиалнинг кундузги таълим шаклига 50 та давлат гранти, 300 та тўлов-контракт асосида квота ажратилган. Шунингдек, сиртқи таълим шаклига 150 та, магистратурага 38 та квота ажратилган. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида журналистлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Филиалда хорижий университетлар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланган, - деди филиалнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Фарҳод Аҳроров. – Шу боис Германия, Латвия ва Малайзия олий таълим муассасалари билан 2+2 дастури асосида қўшма таълим шаклида ҳам талабаларни ўқишга қабул қиламиз. Бундан ташқари, филиал талабалари амалиётни хорижда ўташи мумкин. Масалан, ўтган йили 70 нафарга яқин талаба хорижда амалиёт ўтаган бўлса, бу йил 120 нафар талаба чет элда амалиёт ўтамоқда.
Филиалга техникумни битирган талабалар ҳам суҳбат асосида иккинчи курсга қабул қилинади. Ўтган йили 27 нафар техникум битирувчиси ўқишга қабул қилинган. Шунингдек, магистратура таълим шаклида Иқтисодиёт (Исломий банк иши) йўналишида Малайзия олий таълим муассасаси билан қўшма таълим шакли жорий этилган.
Бўлиб ўтган матбуот анжуманида филиал масъуллари талабаларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида ҳам маълумот берди. Айни пайтда олий таълим муассасаси ҳудудида давлат хусусий шериклик асосида 400 ўринли талабалар ётоқхонаси қурилмоқда. Мавжуд талабалар турар жойи капитал таъмирланмоқда.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.