Телемедицина нима ва у қандай имкониятларга эга?
Ҳозирги кунда жаҳонда телемедицина хизмати кенг ривожланмоқда. Бизда ҳам ушбу хизмат турини ташкил этиш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги стартап гранти доирасида Innovative Developers МЧЖ томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Оҳангарон ва Ургут туманида инновацион телемедицина хизмати ташкил этилмоқда.
Хўш, телемедицина хизматининг ўзи нима?
Тиббий хизмат кўрсатишнинг асосий йўналиши функционал текширувни амалга ошириш, бошқа ҳудуддаги, хусусан, пойтахтдаги тиббиёт марказлари, хорижий мутахассислар ҳамда етакчи тиббиёт марказлари билан алоқа ўрнатган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш, даволаш ва профилактикани ўз ичига олган телемедицина хизматини амалга оширишдир.
Мазкур туманларда ишга туширилаётган телемедицина ускуналари электроэнцефлограф, ультратовуш ташхиси ускунаси, электрокардиограф, дерматоскоп, отоскоп, стетоскоп каби интернет тармоғи орқали маълумотларни узатувчи ускуналар билан жиҳозланмоқда. Улар маълумотларни тасвир, видео, аудио ёзув сифатида маслаҳат берувчи мутахассис интернет тармоғи орқали етказиб бера олади ва “иккинчи фикр” ёки консилиум ташкил қилиш ёки маслаҳат олишда хизмат қилади.
Бу эса ҳудудлардаги аҳолининг сифатли ва малакали тиббий хизматдан фойдаланишига, касалликларни эрта аниқлаш ва асоратлари ривожланишининг олдини олишга ортиқча вақт ва маблағ сарфланишининг олдини олишга хизмат қилади. Мамлакатда тиббиёт юксалиб боргани сари тиббий туризм ривожланишига имкон яратади.
А.Норбоев,
Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ургут инновацион ҳудуди бўйича масъули.