“Темир хотин”дан “Масхарабоз”гача

Бугун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли драматург Шароф Бошбеков таваллуд топган кун.

 Шароф Бошбеков 1951 йилнинг 4 январида Булунғур туманида туғилган. Тошкент маданият ва санъат институти мусиқали актёрлик бўлимида таҳсил олиб, Тошкентдаги Муқимий номли театрда, Сирдарё вилояти театрида актёр сифатида фаолият кўрсатганди. Сўнгра Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, Ўзбекистон Миллий давлат академик драма театрида адабий ходим бўлиб хизмат қилган.

Дастлаб «Г» варианти», «Ғурур», «Жумбоқ» каби ҳикоялар ёзди. Шундан «Тушов узган тулпорлар» драмаси, «Тақдир эшиги», «Эшик қоққан ким?», «Эски шаҳар гаврошлари», «Темир хотин» каби жиддий комедияларини яратди.

«Темир хотин» комедияси нафақат республикамиз, балки бошқа мамлакатлар театрларида ҳам саҳнага қўйилди. Шунингдек, Ш.Бошбеков сценарийси асосида «Шариф ва Маъруф», «Юзсиз», «Тилла бола» каби фильмлар яратилди. У «Масхарабоз», «Фарҳод ва Ширин» фильмларида ҳам сценарий муаллифи, ҳам режиссёр сифатида қатнашди. Унинг сценарийси асосида «Чархпалак» телесериали дунёга келди. Бундан ташқари «Тентак фаришталар», «Зўрдан зўр чиқса» каби саҳна асарлари республика театрларида муваффақиятли намойиш этилган.

У 1990 йилда Давлат мукофотига, 1999 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига сазовор бўлди. 2001 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

Шароф Бошбеков 2022 йил 26 январда вафот этди.

Қуйида драматургнинг “Темир хотин” комедиясидан парча ўқийсиз.

***

Қишлоқ. Оддий, камтарона ҳовли. Тўғрида бир неча устунли пешайвон, ўнгда ластаккина кўча эшиги, олдинроқда ёғоч каравот. Саҳнадаги ҳар бир жиҳоз, ҳар бир буюмда нимадир етишмайди: эшик-дераза ромларининг ярми бўялган, ярмининг ранги ўчиб кетган; ёғоч каравотнинг битта оёғи йўқ, ўрнига ғишт териб қўйилган; кўрпа-ёстиққа ямоқ тушган; пиёлаларнинг лаби учган ёки чегаланган, чойнакнинг жўмрагига тунука кийгазилган ва ҳоказо.

Пешайвон устунига Қўчқор арқон билан чандиб ташланган, уст-боши, афт-ангорига қараб бўлмайди. Шу кўйи ухлаб қолган бўлса керак, аввал секин қимирлаб қўяди, сўнг кўзини очмай эснайди. Оёқ-қўлининг ўзига бўйсунмаётганига ҳайрон бўлиб, бир-икки чираниб кўради.

ҚЎЧҚОР (уй томонга). Ҳў, тирикмисан?.. (Типирчилайди.) Ечиб қўй дарров, ҳў-ў!.. Қумри, деяпман, жаҳлим чиқса нима бўлишини биласан-а! Яхшиликча бўшат! (Бир оз кутиб.) Ие, бир бало бўлганми бунга?.. Охирги марта айтяпман, агар ҳозир югуриб келиб, қўлимни бўшатмасанг...

Ичкаридан Қумри чиқади. У ўттиз-ўттиз бешларда, лекин ёшига нисбатан анча катта кўринади.

ҚУМРИ (аразли). Нима қиласиз?

ҚЎЧҚОР. Қўйвораман!

ҚУМРИ (хўрлиги келиб). Нима?..

ҚЎЧҚОР. Паттангни қўлингга тутқазаман!

ҚУМРИ (Бирпас эрига таъна аралаш қараб туради-да, дордаги кийим-кечакларини йиғиштира бошлайди). Ҳозир эридан патта сўраб ўтирадиган замонмас.

ҚЎЧҚОР. Ие! Бепатта кетавераман, де? (Жавоб ололмагач.) Ҳеч бўлмаса, битта қўлимни бўшатиб қўй, номард!

ҚУМРИ. Битта қўлингизни бўшатганим билан фойдаси йўқ.

ҚЎЧҚОР. Нега бўлмас экан, қашиниб оламан.

ҚУМРИ. Қаерингиз қичишяпти, айтинг, ўзим қашиб қўяман.

ҚЎЧҚОР (бу гапни кутмаган эди, довдираб қолади). Сенинг бўйинг етмайди...

ҚУМРИ. Ихтиёрингиз... (Кийим-кечакларни катта рўзғор сумкасига жойлай бошлайди.)

ҚЎЧҚОР. Менга қара, ўзинг боғладингми ё битта-яримтаси қарашиб юбордими?

ҚУМРИ. Сизга бас келиб бўларканми, бунақа вақтда трактор бўп кетасиз-ку!

ҚЎЧҚОР. Ким келди?

ҚУМРИ. Қишлоқнинг ярми келди. Бақиравериб, дунёни бошингизга кўтардингиз. Олти киши аранг эплади-я.

ҚЎЧҚОР. Олти киши? (Тўнғиллаб.) Кўпчилик яхши-да, кўпчиликдан ўргилай... Сафар ҳам бормиди? А? - Қумри индамай ишини қилаверади. - Сендан сўраяпман, гарангмисан?!

ҚУМРИ. Ҳа, бор эди.

ҚЎЧҚОР. Тағин ким чиқди?

ҚУМРИ. Нима фарқи бор?

ҚЎЧҚОР. Фарқи бор! Эртага кимдан узр сўрашимни билишим керакми? Э... бугун, деганим.

ҚУМРИ. Муҳиддин аканинг ўғли иккита ўртоғи билан армиядан келган экан. Отпускага. Аввал уч киши бўлиб ўшалар чиқишди. Ҳеч бўй бермадингиз.

ҚЎЧҚОР. Ҳм, армия ҳам бас келолмади, дегин?

ҚУМРИ. Кейин Муҳиддин ака билан Сафар акалар чиқишди.

ҚЎЧҚОР. Яна?

ҚУМРИ. Шу...

ҚЎЧҚОР. Олти киши, дединг-ку!

ҚУМРИ. Мен ҳам сал-пал қарашвордим...

ҚЎЧҚОР. «Сал-пал»миш! Ечилмаётганидан ҳам билувдим, сенинг қўлинг текканини! Мол арқонлаб ўрганиб қолгансан-да, боғлаган тугунингни матрослар ҳам ечолмайди! Э, қарашвормай кет! Бўпти, кечирдим, қўлни бўшат. - Қумри «йўқ» дегандай бош чайқайди. - Бу уйда мен кимман ўзи, а? (Бақириб.) Қўчқорманми ё Қўчқормасманми?! Қўчқорман!!! (Бирдан паст тушиб.) Қўчқор экан, деб боғлаб ташлайверадими?.. Шўри бор одам эканман ўзи... (Яна бақириб.) Ҳеч бўлмаса, сув бер, ичим ёниб кетяпти!

Қумри дастасиз кружкада сув олиб чиқиб, ичириб қўяди. (Тўнғиллаб.) Қўлдан берганга қуш тўймас... Ўтир мундоқ. Қумри итоаткорлик билан ўтиради.

Энди бир бошдан гапириб бер: ким нима деди, нима қилди? Йўқ, нима қилгани керак эмас, қилган иши бошидан қолсин! Ким нима деди?

ҚУМРИ. «Қўчқормас, ҳўкиз экансан»...

ҚЎЧҚОР. Ўчир овозингни! (Типирчилаб.) Ҳозир, лекин...

ҚУМРИ . Вой, Муҳиддин аканинг гаплари-да, менга нима дейсиз?

ҚЎЧҚОР. Муҳиддин ака, дегин?.. (Бирдан.) Ўзининг кўзи уккиникига ўхшайди, билдингми?! Кейин-чи?

ҚУМРИ. Сафар ака «бунга ҳеч ақл кирмади-кирмади-да» дедилар. «На каттанинг гапини олади, на кичикнинг, товуқчалик ақли йўқ...»

ҚЎЧҚОР. Ўзингдан қўшмай гапир!

ҚУМРИ. Вой, ўзимдан қўшиб, нима?..

ҚЎЧҚОР. Ҳа-а?

ҚУМРИ. «Ҳукумат ичманглар, деб қарор чиқариб қўйибди, бу аҳмоққа шуям таъсир қилмайди», дедилар.

ҚЎЧҚОР. Ҳо-о, қарорниям биларканларми! Ўзи саккизинчи синфда қолиб кетган! Чаласавод! Расми йўқ экан, деб газит ўқимайди!

ҚУМРИ. Ўзингиз ҳам ўқимайсиз-ку?

ҚЎЧҚОР. Мен вақтим йўқлигидан ўқимайман, у саводи йўқлигидан ўқимайди! Сафар-ку, майли. Сен-чи, сен? Шунча гапни эшитиб, қанақа қилиб чидаб турдинг? Эрингни шуларга талатиб қўявердингми? Э, сени хотин қилиб юрган менга минг раҳмат-е! Хўп, солдатлар нима дейишди?

ҚУМРИ. «Рас, дува, взали» дейишди.

ҚЎЧҚОР. Нима-ли?

ҚУМРИ. «Взали».

ҚЎЧҚОР. «Взяли», ўқимаган! «Раз-два»миш! Нима, армияда фақат иккигача санашни ўргатар эканми? Бир мундай, юз-юз элликкача санамайдими, мен ўзимга келиб олмайман-ми! Сулайиб ётган боксчигаям ўнгача санайди-ку, шунчалик ҳам бўлмадикми? Майли, бўлар иш бўпти, қўлни еч.

ҚУМРИ (ачиниб, сидқидилдан). Ечолмайман, дадаси, мендан хафа бўлманг. Тушликдан кейин қишлоқ оқсоқоллари келамиз, бир яхшилаб гаплашиб қўяйлик, бўлмаса думини ушлатмайди, деб кетишди...

ҚЎЧҚОР. Нима, менинг думимни ушлашдан бошқа иши йўқ эканми уларнинг? Оқсоқоллармиш яна!..

ҚУМРИ (ичкарига). Туробжон, бўла қол, болам!

ҚЎЧҚОР (хотинининг тараддудга тушганини энди пайқаб). Ҳа, йўл пўстак?

ҚУМРИ. Кеча нима дедингиз?

ҚЎЧҚОР. Нима дебмиз?

ҚУМРИ (йиғламсираб).    Айтадиганингизни    айтдингиз...

ҚЎЧҚОР. Айтадиганимиз нима экан?

ҚУМРИ. Ҳали одамлар келиб, тушунтириб беришади. Мен болаларимни олиб, ойимларникига кетдим. Мактабдан тўғри ўша ёққа боришади.

ҚЎЧҚОР. Ие, жиннимисан, вей? Озгина шўхлик қилсак, қилибмиз энди. Йигитчиликда нималар бўлмайди...

ҚУМРИ  (йиғламоқдан бери бўлиб). Бу шўхликларингиз ўн олти йилдан бери (қўлини бўғзига олиб бориб) мана бу еримга келган...

ҚЎЧҚОР. Нолима, ҳў, нолима! Бола-чақанг олдингда, еб-ичишдан каминг йўқ, яна нима керак сенга?

ҚУМРИ. Биров сизга, оч қолдим, деяптими?

ҚЎЧҚОР. Нега бўлмасам, «у еримга келган, бу еримга келган» дейверасан? Келган бўлса келгандир...

Шу пайт беш-олти ёшлар чамасидаги Туробжон югурганича ҳовлининг нариги бетига ўтиб кета бошлайди. Дадасига кўзи тушиб, суюнчи олмоқчидай, ҳовлиқиб ахборот беради.

ТУРОБЖОН. Дада, биз бувимларникига кўчиб кетарканмиз! (Қўчқорнинг боғлиқ турганига ҳайрон бўлиб.) Ие, нима қилиб турибсиз дада?

ҚЎЧҚОР. Ким?.. Менми?.. Ҳа энди, бувингникига кўчиб кетадиган бўлсак, уйни ташлаб кетамизми, орқалаб опкетамиз-да, ўғилтой! Ҳозир, бирпас нафасни ростлаб олай, кейин «ё пирим» деб кўтарамиз-у, кетаверамиз.

Туробжоннинг иши шошилинч шекилли, дадасининг гапини охиригача эшитмай, югуриб чиқиб кетади.

(Қумрига.) Боланинг олдида шарманда қилдинг-ку одамни!

ҚУМРИ. Мени эл-юрт олдида шарманда қилганингиз-чи?

ҚЎЧҚОР. Ичган мен, сен нега шарманда бўласан?

ТУРОБЖОН (қайтиб келиб, томга қараганича). Кучингиз етмайди-ёв, дада.

ҚЎЧҚОР (маъюс). Битта иморат нима бўпти, ўғилтой, бу елкалар қанақа юкларни кўтармаган...

ҚУМРИ. Бўла қол, болам. (Сумкани олиб, ўғлини етаклаганича.) Яхши-ёмон гап ўтган бўлса хафа бўлманг, дадаси...

ҚЎЧҚОР. Кетсанг ечиб кет, ҳў! Инсофинг борми ўзи, қанақа одамсан?! (Қумри чиқиб кетгач) Мастлигимда уриб, майиб-пайиб ҳам қилиб қўймаган эканман — жимгина уйда ўтирарди... (Атрофга чорасиз аланглайди. Алам билан қандайдир куйни хиргойи килади, сўнг қўшни ҳовли томонга қичқиради.) Бозортой! Ҳў-ў, Бозортой! Бир турқингизни кўрсатворинг, Бозортой-ҳо!..

Девор оша Шарофат мўралайди.

ШАРОФАТ. Ҳа? Вой, ўлай...

ҚЎЧҚОР. Ҳалиги... Яхшимисиз, келин?

ШАРОФАТ. Раҳмат...

ҚЎЧҚОР. Болалар яхшими?

ШАРОФАТ. Ҳа, юришибди...

ҚЎЧҚОР. Шу, десангиз... Бозортой уйдами?

ШАРОФАТ. Бозорвой акам икки қоп бодринг олиб, бозорга кетувдилар.

ҚЎЧҚОР. Ҳа-а... Уйда бўлса ток қайчисини бериб турсин, девдим. Ишком жа тарвақайлаб кетибди...

ШАРОФАТ. Келсалар ўзларидан сўрарсиз, бўлмаса уришиб берадилар. (Ғойиб бўлади.)

ҚЎЧҚОР. Қурумсоқ! Энг яқин жўраммиш яна! (Бир-икки чираниб кўриб.) Э, худо! Сенга нима ёмонлик қилувдим-а? (Яна типирчилайди, хавотирланиб тепага қараб қўяди.) Босиб қолмасмикан?.. (Тўсатдан, кўча томонга.) Э, кетсанг кетавер! Онаси ўпмаганига уйланмасам, мен ҳам юрган эканман! (Алам билан.) Ҳеч бўлмаса, кетаётганида қўлимни ечиб кетадиганига уйланаман...

Ташқаридан машинанинг келиб тўхтагани эшитилади. Кўп ўтмай, Олимжон билан шофёр одам бўйи келадиган ёғоч қутини қийнала-қийнала кўтариб киришади.

ОЛИМЖОН (шофёрга). Раҳмат, оғайни. (Пул бериб.) Мана. Яхши боринг. (Шофёр чикиб кетгач, у ёқ-бу ёққа аланглайди.) Ким бор? Қўчқор ака! Туробжон! (Ўзича.) Ие, эшик очиқ-ку... (Чақириб.) Кеннойи!

ҚЎЧҚОР. Кеннойинг онасиникида. Кетиб қолди... Хотин — жафо, Олимтой!..

ОЛИМЖОН. Э-э, Қўчқор ака, ассалому алайкум! Мана, тағин келдик-да. (Кўришмоқчи бўлиб қўл чўзади.) Ие?.. Ким бунақа қилди?

ҚЎЧҚОР. Ким бўларди, бунақа бемаъни нарса фақат бизнинг хотиндан чиқади!

ОЛИМЖОН. Э-э, чатоқ бўпти-ку... Кетиб қолдилар, денг? Аттанг... Нега боғладилар?

ҚЎЧҚОР. Э, Олимтой, суриштириб нима қиласиз, аввал қўлни ечсангиз-чи! Кечадан бери онамни Учқўрғондан кўрдим!

ОЛИМЖОН. Ҳа-я... (Ечади, унинг белидан олиб, каравотга ўтқазади). Кечадан бери турибман, денг?

ҚЎЧҚОР. Вой, жоним-ей!.. Шу, хотин зотини ким ўйлаб чиқарган экан-а, Олимтой?

ОЛИМЖОН (кулиб). Бировни биров ўйлаб чиқарадими, қизиқмисиз. Хўш, соғликлар яхшими, Қўчқор ака?

ҚЎЧҚОР. Зўр! Отдай! (Устунга ишора қилиб.) Ана, отга ўхшаб тикка туриб ухлаяпмиз!

ОЛИМЖОН. Ҳа-а, кеннойимнинг кетиб қолганлари яхши бўлмабди. Жиянларга ҳар хил ўйинчоқ олиб келувдим...

ҚЎЧҚОР (асабий). Қўявер, ўзимиз ўйнаймиз!

ОЛИМЖОН (ҳовлини кўздан кечириб). Хафа бўлманг-у, Қўчқор ака, кеннойимгаям қийин-да. Аҳволни қаранг: ҳалиям ўчоқ, ҳалиям тезак ёқилади. Прогресс йўқ.

ҚЎЧҚОР. Нима-грес?

ОЛИМЖОН. Прогресс. Тараққиёт.

ҚЎЧҚОР. Прогресс бор. Илгари тезак ёқиларди, энди тезакни солярка билан ёқяпмиз. Яхши ёняпти. Тўғри, овқатдан сал-пал ҳиди келади-ю, лекин ўрганиб кетар экан одам.

ОЛИМЖОН. Бир ҳисобга, сизгаям қийин, шунча бола-чақа... Ҳечқиси йўқ. Қўчқор ака, яқинда ҳаммаси яхши бўп кетади. Мана, ҳозир «оилани планлаштириш» деган бир гап чиқиб турибди.

ҚЎЧҚОР. Нима-лаштириш?

ОЛИМЖОН. Планлаштириш. Бу гапнинг маъниси шуки, яхши  яшаш учун болани уч-тўрттадан оширмаслик керак.

ҚЎЧҚОР. И!.. Худонинг ўзи бериб турса нима дейсан?

ОЛИМЖОН. Ҳа энди, худо бермайдиган қилинади-да.

ҚЎЧҚОР (гўё тушунгандай). Ҳа-а... Шунақа де? У... қанақа бўлади ўзи, хотинларимизни бир бало қилишадими ё биз эркакларни ахталашадими?

ОЛИМЖОН (кулиб). Оббо, Қўчқор ака-ей!..

ҚЎЧҚОР (хижолатли). Ҳа энди, тушунмагандан кейин қийин-да...

ОЛИМЖОН. Бу тадбир сиз ва сизга ўхшаганларнинг манфаати йўлида бўляпти. Бола-чақа деб умри ўтиб кетмасин, булар ҳам одамга ўхшаб яшасин, деган гап бор бунинг тагида.

ҚЎЧҚОР. Йўқ. тагидаги гап яхши экан-у, лекин бошимизга қўйларнинг куни тушмасмикан, дейман-да.

ОЛИМЖОН. Қайси қўйлар?

ҚЎЧҚОР. Билмайман, эсингда борми-йўқми, бир пайтлар СЖКми, ПЖКми деган бир бало чиқувди. Ҳалиги, қўйларни сунъий урчитиб, кўпроқ қўзи олиш учун-да. Натижа нима бўлди? Қўйнинг зоти айниди, қоракўлдан сифат қочди, ҳар хил касалликка чалинди. Шу, туриб-туриб олимларинггаям тушунмай қоламан-да, Олимтой. Бир қарасанг, қўйларга қараб «кўп туғ» дейди, бир қарасанг, ўзбекка қараб «кам туғ» дейди...

ОЛИМЖОН. Кечирасиз-у, Қўчқор ака, одам деган оғзига нима келса қайтармай гапираверадими! Нима деяётганингизни тушуняпсизми? Ўзбек қаёқда-ю, қўй қаёқда! Э, тавба... (Куйиниб.) Бу ерда гап халқнинг турмушини яхшилаш ҳақида боряпти! Ўзингиз мундоқ бир атрофингизга қаранг, айниқса қишлоқларимизда турмуш даражаси ниҳоятда паст! Чидаб бўлмайдиган даражада паст!

ҚЎЧҚОР (оғриниб). Паст, дегин? Сенларники баландми? (Асабий.) Ўқиган, олим одамсан, кўтар-да паст бўлса! «При-грес-мригрес» қиласан бу ерга келиб олиб! Хотинларнинг қорнига осилгунча пахта терадиган машинани эпланглар!

ОЛИМЖОН. Нима, бизни ҳукуматнинг пулини шундоқ еб ётибди, деб ўйлаяпсизми? Биз ҳам қидиряпмиз, изланяпмиз, ўйлаяпмиз.

ҚЎЧҚОР. Э, битта пахта терадиган машинани эллик йил ўйлайдими! Гоҳ рулини ўзгартирасанлар, гоҳ кабинасини, гоҳ ўтирғичини — бўлди! Биз, янги машина келар экан, деб дўппимизни осмонга отиб юрамиз. Қарасак, ўша-ўша — Холхўжанинг таёғи!

ОЛИМЖОН. Тўғри, лекин бу муаммони асосий мақсаддан келиб чиқиб, комплекс ҳал қилиш керак.

ҚЎЧҚОР. Нима-плекс?

ОЛИМЖОН. Комплекс. Асосий мақсад нима? Пахтани сифатли териб олишми? Ана шу мақсаддан келиб чиқиш керак. Пахта терадиган машинанинг шакли қанақа бўлади — бунинг аҳамияти йўқ. Муҳими, яхши терсин. Мен бу борада бошқа йўлдан кетяпман, Қўчқор ака. Кўпроқ масаланинг эстетик томонига эътибор беряпман. Бир тасаввур қилинг-а: пахтазордан хотин-қизларнинг қувноқ кулгиси эшитилиб турибди! Қий-чув, ҳазил-ҳузил! Кечқурунлари қишлоқ кўчаларини тўлдириб, қиз-жувонлар ўтишяпти! Кўриб кўз қувонади, дил яйрайди! «Тар-тар-тар» қилиб кўчадан трактор ўтгани қаёқда-ю, қўнғироқдай овози билан кўнгилларни энтиктириб, қизлар ўтгани қаёқда! Фарқи борми? Шунинг учун мен пахта терадиган машина эмас, пахта терадиган электрон робот устида ишлаяпман. Ташқи кўриниши одамдан фарқ қилмайди. Кўради, эшитади, гапиради! Танаси ҳам пластик материалдан ясалган...

ҚЎЧҚОР. Нима-стик?

ОЛИМЖОН. Пластик. Фақат ташқи кўриниши эмас, хатти-ҳаракати, имо-ишоралари, гап-сўзи одамга максимум даражада яқинлаштирилган.

ҚЎЧҚОР. Нима-симум?

ОЛИМЖОН.  Максимум.  Масалан, бошқарув  блокига юмор ҳисси билан боғлиқ микросхема ўрнатилса...

ҚЎЧҚОР. Нима-схема?

ОЛИМЖОН. Микросхема. Ўрнатилса, ниҳоятда ҳазилкаш, қувноқ, бир оз шаддодроқ аёлга айланади. Лирик ҳисли микросхема ўрнатилса, аёлларга хос назокат, ибо пайдо бўлади.

ҚЎЧҚОР. Нега аёлларга хос?

ОЛИМЖОН. Ия, боядан бери нима деяпман? Робот аёл шаклида бўлиши керак-да, бўлмаса нима қизиғи бор? Кўрдингизми, бир ўқ билан икки қуённи уряпмиз: ҳам хотин-қизларимизни оғир қўл меҳнатидан халос қиламиз, ҳам пахтазордан қиз-жувонларнинг кулгиси жаранглаб туради!

ҚЎЧҚОР. Куладиямми?

ОЛИМЖОН. Бўлмасам-чи! Кулади, бақиради, шивирлай-ди! Бу микросхемаларнинг характерига боғлиқ.

ҚЎЧҚОР. Шунақа де? Хўп ўша... аёл-роботларинг ишдан кейин гаражга бориб ётадими?

ОЛИМЖОН. Шундай десаям бўлади. Лекин, гаражлар ётоқхона типида қурилади. Кейин, Қўчқор ака, бу роботлар жуда арзонга тушади, ёқилғи керак эмас — батареялардан озиқланади. Иккинчидан, уларни бетўхтов ишлатиш мумкин. Иссиқ демайди, совуқ демайди, кечасими, кундузими — ишлайверади!