Темир йўл чиптаси пуллари фоизлари ушланмаган ҳолда қайтарилади
Мамлакатимизга коронавирус COVID-19 инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида 2020 йил 16 мартдан халқаро йўналишларга ҳамда 24 мартдан бошлаб эса маҳаллий йўналишларга ҳаракатланадиган барча йўловчи поездлар қатнови вақтинча бекор қилинган эди.
“Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати хабарига кўра, харид қилинган лекин амалда фойдаланилмай қолган темир йўл чипталари учун йўловчиларга белгиланган тартибда ва тўлиқ ҳажмда чипта пуллари фоизлари ушланмаган ҳолда қайтарилмоқда.
60 кун олдиндан халқаро ва маҳаллий йўналишларга чипта харид қилган йўловчилар дастлаб бироз хавотирланиб, турли хил саволлар билан мурожаат қилишган эди. Соҳа мутасаддилари томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли йўловчиларнинг чипталарини топшириш билан боғлиқ масалалари жойида, ҳеч қандай муаммосиз ҳал қилиб берилмоқда.
2020 йил 14 мартдан 27 март санасигача йўловчилардан 13114 та халқаро йўналишларга ва 73807 та маҳаллий йўналишларга ҳаракатланадиган йўловчи поездларга олинган чипталар барча темир йўл кассаларида ҳамда электрон тарзда қайтариб олинди. Бугунги кунгача жами 15 миллиард сўмдан ортиқ чипта пуллари ўз эгаларига қайтарилди. Бу жараён айни кунда ҳам ўрнатилган тартибда давом этмоқда.
Шунингдек, халқаро ва маҳаллий йўналишларга йўловчи поездлар ҳаракати тўхтатилган кундан бошлаб, темир йўл вокзаллари бинолари, темир йўл кассалари, йўловчи поездларини техник ва технологик тайёрлаш филиали ВЧД-2 ҳудудида барча йўловчи вагонлари дезинфекция қилинди.