Тезликни чеклаш, лотин ёзувига ўтиш, аёлларга "ҳимоя ордери” - депутатлар галдаги сессияда шу каби масалаларни муҳокама қилди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг етмиш еттинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни Кенгаш депутати Ф.Тошев бошқарди.

Дастлаб вилоят ИИБ йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Ш.Бойхўрозовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилишича, вилоят ҳудудида йўл-транспорт ҳодисалари, шу жумладан оғир оқибатли, ўлим билан боғлиқ ҳамда болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида профилактик тарғибот ва рейд-тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Натижада йилнинг 10 ойи давомида 314 минг 993 та қоидабузарлик, шундан 140 минг 382 та қўпол қоидабузарлик, 4 минг 808 нафар маст ҳайдовчи ҳамда 17 минг 418 нафар қоидабузар пиёда аниқланган. Тезлик билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига тезликни ўлчовчи мосламалар ўрнатилган 10 та автомашина имкониятларидан фойдаланилмоқда.

- Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2022 йилнинг ўтган 10 ойида вилоят ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 85 тага камайди, - деди Ш.Бойхўрозов. – Аммо битта бўлса ҳам ЙТҲ содир этилиши, бунинг оқибатида одамларнинг ҳалок бўлиши ёки жароҳат олиши кимнингдир оиласига ғам-андуҳ кирганидан далолат. Таҳлилларимизда аён бўлишича, йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти тезликни ошириш оқибатида келиб чиқяпти. Масалан, 285 та йўл-транспорт ҳодисаси айнан шу қоидабузарлик билан боғлиқ. Оқибатда 88 киши ҳалок бўлган, 219 киши жароҳатланган. 

Шунинг учун вилоят ҳудудидан ўтувчи асосий автомобиль йўллари ва кўчаларида чекланган юқори тезликни 60 км/соат этиб белгилаш зарурати юзага келди. Аниқроғи, турли хавф ва ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги республика комиссиясининг қарори асосида ҳаракат қатнови юқори бўлган ва аҳоли гавжум ҳудудларида транспорт воситаларининг юқори ҳаракат тезлиги 60 км/соат этиб белгиланиши кутилмоқда.

Депутатлар ушбу долзарб масалада сўз юритиб, тизимдаги айрим камчиликларни танқид қилди. ИИБ ЙҲХБ фаолиятида сифат ва самарадорликни ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялари билдирилди.

Сессия ишида, шунингдек, вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.Темиров вилоятда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтиш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан ҳисобот берди.

Ш.Темировнинг маълум қилишича, 2023 йил 1 январдан бошлаб ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиётини тўлиқ жорий этиш белгиланган. Шунинг учун ҳозирги вақтда ҳокимликлар ходимлари учун ҳафтада бир кун Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Самарқанд ҳудудий бўлинмаси етакчи профессор-ўқитувчилари томонидан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси бўйича ўқув машғулотлари олиб борилмоқда. Шунингдек, вилоятдаги барча бошқарма, ташкилот, муассаса ва идораларда лотин ёзувини ўрганиш бўйича зарур тавсиялар берилган.

Шундан сўнг депутатлар вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Раббимовнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ва белгиланган вазифалар тўғрисидаги ҳисоботини тинглади.

Таъкидланишича, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида  вилоятда 2022 йил баҳор мавсумида 10 миллион 293 минг туп манзарали ва мевали дарахт, бута кўчатлари экилган. Ўрганишлар натижасига кўра, экилган кўчатларнинг 1,2 фоизи қуриган. Бу ҳолатга йўл қўйган 63 нафар мансабдор шахс ва фуқароларга нисбатан 190 миллион 500 минг сўм маъмурий жарима қўлланилган.

Депутатлар лойиҳа ўта долзарблиги, ҳудудларни яшилликка буркаш учун экилган кўчатларнинг сифатли парвариш қилиниши, суғориш йўлларини тизимли ташкил этилиши бўйича ўз таклифларини билдирдилар. 

Сессияда, шунингдек, вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари - хотин-қизлар бўлими бошлиғи Н.Ёдгорованинг хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш борасида вилоятда олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди. 

Қайд этилишича, жорий йилнинг 10 ойи давомида вилоят бўйича тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 1309 нафар аёлга “ҳимоя ордери” берилиб, зўравонлик содир этган шахслар устидан назорат ўрнатилган. “Ҳимоя ордери” расмийлаштирилган шахсларнинг муаммоларини ҳал этиш натижасида 724 оила яраштирилган ва 582 та низонинг сабаблари бартараф этилган. 76 та “ҳимоя ордер”лари такроран берилган, ўрнатилган чекловларга амал қилмасдан, ўзи учун тўғри хулоса чиқармаган 192 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Депутатлар кўтарилган масала юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги компенсация комиссиясининг регламентини тасдиқлаш, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси таркибига ўзгартиш киритиш, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2022 йил 2 мартдаги “Вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш киритиш, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан самарали фойдаланиш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.