Тил - тақдир демак, тилнинг тириклиги халқнинг мавжудлигидир

Ушбу мақолани таниқли тилшунос олим Бозорбой Ўринбоев 1993 йилда ёзган. Унда юритилган фикрлар ҳали-ҳамон долзарб.
Тилсиз халқ йўқ. Тил ва халқ жон ила тан. Бу қарор топган ва ҳимоя қилинган тупроқ Ватандир, Ўзбекистон ўзбек халқи ва тили учун ана шундай тупроқ – Ватандир.
Ўзбек тили Ўзбекистонда муомалада бўлмаса, ҳимоя қилинмаса ва равнақ эттирилмаса, хўш, у қаерда ишлатилади, кимлар ҳимоя қилади ва қандай ривожлантирилади?
Институтимиздаги айрим домлалар ўзбек тили ва адабиёти ўрнига рус тили ўқитилсин, демоқдалар. Бу билан ўзбек йигит ва қизларига рус тилини билмасанг кооператив институтида ўқимайсан, деган ҳукм чиқармоқдалар. Ҳатто маъруза ва амалий машғулотларини ҳануз рус тилида ўқитмоқдалар. Бунинг устига танаффус пайтида ўзбек тилидаги сўзлашувни камдан-кам учратамиз. Кўпчилик ёзувларимиз рус тилидадир. Ҳар бир тилни ўрганиш учун тил муҳити керак.
Хўш, Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат мақоми берилишидан республикамизда яшовчи бошқа халқларга чиндан ҳам ноқулай ҳолат юзага келармикан? Бу саволга жавоб бериш учун эҳтиросларга сираям берилмасдан фақат фактларга мурожаат этамиз.
1990 йилги маълумотга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 72,5 фоизини ўзбеклар ташкил этади, 10,8 фоизи руслар, 4,2 фоизи татарлар, 3,9 фоизи тожиклар, 1,9 фоизи қорақалпоқлар, 1,1 фоизи корейслар, 0,9 фоизи қирғизлар, 0,8 фоизини украинлар, 0,7 фоизи яҳудийлар ва бошқа миллат вакиллари ташкил этадилар.
Ўзбекистон аҳолисининг 95 фоизи ўзбекчани билади. Демак, шундай экан, ўзбек тилини давлат тили деб эълон қилиниши – қонуний асосга эга.
Она тилисиз тафаккур эркинлиги бўлмайди, тафаккур эркинлигисиз эса халқимиз турғунлик ботқоғидан чиқа олмайди.
Тил – миллат вакилларини мустаҳкам бирлаштирувчи, тутиб турувчи белбоғ демак, бу рамзий белбоғнинг кучу қудрати уни ташкил этувчи толалар – сизу бизнинг она тилимизга муносабатимизга боғлиқдир.
Маълумки, биз милодий иккинчи минг йилликка ўзбек бўлиб кириб келган эдик. ХХ асрга ҳам ўзбек бўлиб қадам қўйганмиз, чунки ўзбек тилида гапирдик ва ёздик.
Милодий XXI асрга ҳам ўзбек бўлиб кириб борайлик, бунинг учун ўзбек тилида гапиришимиз ва ёзишимиз керак. Шу тилни асрлардан асрларга соғу-саломат олиб ўтиш сизлару бизларнинг тарихан тақдиримиздир.
Бозорбой ЎРИНБОЕВ, (1993).
***
Таниқли тилшунос олим Бозорбой Ўринбоев ҳаёт бўлганида бугун 89 ёшга тўларди.
Б.Ўринбоев 1936 йил 3 июнда Жомбой тумани Ғазира қишлоғида туғилди. Самарқанд тожик педагогика институти ва Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олди. Меҳнат фаолиятини Жомбой тумани мактабларида ўқитувчиликдан бошлади. Кейинчалик илмий бўлим мудири, директор бўлиб ишлади.
СамДУ аспирантурасида таҳсил олгач, катта лаборант, Қарши педагогика институти доценти, Самарқанд педагогика институти доценти, кафедра мудири, декан, проректор ва ректор лавозимларида ишлади.
Жиззах педагогика институти ректори бўлиб ишлагач, 1992 йилда Самарқандга қайтди ва СамДУ, Самарқанд кооператив институти, Самарқанд чет тиллар институтларида кафедра мудири бўлиб ишлади, бу даврда ўзбек тили ривожига катта ҳисса қўшди.
Олим, Ўзбекистон ва СССР халқ таълими аълочиси Бозорбой Ўринбоев 2014 йилда вафот этди.