“Тирик тош”
Дадахон Муҳаммадиев 1989 йилда Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туғилган. Навоий давлат педагогика институти ҳамда Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини битирган. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси.
Яқинда ёш, истеъдодли ижодкорнинг биринчи китоби - “Тирик тош” номи билан Тошкентдаги “Наврўз” нашриётида чоп этилди.
Шеърият барачага маълум ҳодисанинг пайқалмаган жиҳатларини ҳис этиш, уни поэтик жиҳатдан мисраларга жамлашдир. Дадахон Муҳаммадиев айни шундай жиҳатларини ўз ижодида акс эттираётган ёш ижодкорлардан. Унинг ҳам ўз дунёси бор. Жумладан, у “Бошқа дунё” шеърида шундай дейди:
Осмонни бошимга ташланг майлига,
Менга зарра зиён етмайди – билдим.
Сизнинг осмонингиз ўзингизники,
Ахир, мен бошқа бир дунёдан келдим…
Шеър ижодкор кўнглининг энг нозик ва инжа ҳиссиётлари, ишқ мўъжизаларидан дунёга келади. Ушбу шеърий тўплам ҳам муҳаббат ва унинг қувончу изтиробларидан яралган “гулдаста” билан бойитилган. Китобдан ўрин олган шеърлар инсон қалбининг сеҳрли ва нозик томонларига, Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат, умумбашарий қадриятларни ифода этишга қаратилган шоирнинг дастлабки туйғулари ифодасидир.
Эзгу ният билан айтиш мумкинки, Дадахоннинг она Ватан, инсонийлик, орият туйғуларини ўзида ифода этган биринчи китобидан ўрин олган шеърлари ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
Сулаймон МАРДИЕВ.