ТИВ Россия-Қозоғистон чегарасида қолиб кетган ўзбек фуқароларига мурожаат билан чиқди
Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, Россиянинг Самара вилоятидан чиқиш ва Оренбург вилоятига киришда, «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти яқинида бир неча юз нафар Ўзбекистон фуқаролари тўпланиши кузатилмоқда. Бу ҳақда ТИВ маълум қилди.
Ушбу фуқаролар Россиянинг турли минтақаларидан автотранспорт воситаларида келишмоқда ва Ўзбекистонга қайтиш учун Қозоғистон ҳудуди орқали йўлак яратишни талаб қилишмоқда.
Бош консулхона юртдошларимиз ва маҳаллий ҳокимият билан алоқа ўрнатган.
Бундан ташқари, ТИВ Оператив штаби Россия-Қозоғистон чегарасидаги мавжуд вазият тўғрисида маълумотни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссиясига юборди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти фуқароларни Республика махсус комиссияси томонидан тегишли қарор қабул қилгунига қадар тинчликни сақлаш, ўрнатилган карантин қоидаларига риоя қилишга чақиради.