Тизим ишламаса, мурожаатлар тугамайди

Бугун вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида халқ депутатлари ҳудудий Кенгашлари депутатларининг қабули бўлиб ўтди.

Хусусан, вилоят Халқ қабулхонаси биносида фуқароларни халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари қабул қилди.

- Ўғлим оғир хаста, ривожланишдан тўхтаб қолган, - дейди Самарқанд шаҳри Хишрав маҳалласида истиқомат қилувчи К.Раҳматова. – Шифокорлар унинг касалига аниқ бир ташхис қўя олишмапти, шифохонама-шифохона юриб, сарсон бўлдик. Баъзи дўхтирлар уни Самарқандда даволаб бўлмайди, хорижга олиб бориш керак, дейишяпти. Оилавий шароитим оғир. Бунга имкониятим йўқ. Депутатлардан нажот истаб келдим.

Фуқаронинг мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Депутат Шоҳрух Жўрақулов аралашуви билан мурожаатчининг фарзанди вилоят болалар кўп тармоқли шифохонасига ётқизилиб, бепул даволанадиган бўлди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Даврон Жуманиёзов бемор болани вилоятимизнинг энг малакали шифокорлари кўрикдан ўтказишини, аниқланган ҳар қандай касаллигини шу ернинг ўзида даволаш учун зарур шароитлар борлиги айтди.

Самарқанд туманининг Қуйи туркман маҳалласида истиқомат қилувчи Ж. Хидиров эса қабулга оиласи учун субсидия асосида уй-жой ажратилишини сўраб келди. Унинг айтишича, хотини ва фарзандлари билан ижарада яшаб келмоқда. Масъул ташкилотларга қилган қатор мурожаатлари инобатга олинмаган.

Депутатлар фуқаронинг масаласи, шунингдек, масъулларнинг унинг мурожаатларига муносабати атрофлича ўрганиб чиқилишини маълум қилишди.
Айтиш жоизки, қабулда фуқаролардан тушган мурожаатларнинг аксарияти аввалроқ ҳам қатор масъул идораларга юборилгани, бироқ негадир бир ёқлама кўриб чиқилиб, ёпилгани маълум бўлди. Депутатлар мурожаатларни назоратга олишда масаланинг айни жиҳатини ҳам эътибордан четда қолдиришмади.

— Тизимлар талаб даражасида ишламаса, аҳоли мурожаатлари камаймайди, аксинча, кўпайишда давом этади, - дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Азиз Аҳроров. – Шу боис биз муаммо билан эмас, унинг келиб чиқиш сабаби билан курашишга кўпроқ эътибор беришимиз керак. Депутатлар билан мазкур масалани сессия муҳокамасига киритиш, хўжакўрсинга ишлаётган раҳбарлар фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда қонуний чоралар белгилашга келишиб олдик.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари қабулида 100 га яқин мурожаат бўлди. Уларнинг бир қисми шу ернинг ўзида ижобий ечим топган бўлса, қолгани депутат ва масъул ташкилотлар назоратига олинди.