Тўғри сўзнинг тўқмоғи

  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат тилини қўллаш доирасини кенгайтириш ҳақидаги қонун лойиҳасининг муҳокама учун эълон қилиниши тилимиз равнақи йўлида айни муддао бўлди.

  Ундаги қоида-тартиблар аниқ ва  тушунарли, яъни, агар бирор давлат ташкилоти иш юритишда Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни талабларига риоя этилмаса, ўша ташкилотнинг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жарима чораси қўлланиши ҳақида айтилган. Худди шунга ўхшаш қоидалар теварак-атрофимиздаги қўшни мамлакатларда ҳам мавжуд.

  Ушбу янги лойиҳанинг эълон этилишига бош сабаб: бизда давлат тили ҳақидаги қонуннинг изчил бажарилмаганлигидир. "Чала бажарилган иш, бошга келтирар ташвиш" деганларидек, бугун ушбу жорий этилиши кутилаётган қоидалар айрим русийзабон фуқаролар ва уларнинг ортида турган пуштипаноҳлари учун гўё рус тилли аҳоли ҳуқуқларини чеклаш ва мамлакатда умуман рус тилини чегаралаш сифатида талқин қилинмоқда.

  Бу борада ўзимизнинг Вести.uz , Россиянинг Гранма.ru сингари интернет сайтларида кўтарилган аюҳанносни Москвадаги "Коммерсант" газетаси ҳам сўраб-суриштирмасдан эълон қилиб юборди.   Улар Ўзбекистонда озчилик миллий диаспораларнинг ҳуқуқлари камситилаётганлиги ҳақидаги мақолалари билан мавзуни янада кўпиртирдилар.

  Шу ерда ўринли бир савол пайдо бўлади. Ўзбекистонда давлат тили қўлланиш доирасини кенгайтириш қай жиҳатдан рус тилининг мавқеига соя солади экан?

  Шунда Украинада украинларнинг ўз тилларини ўрганиш ва қўллаш борасидаги  ҳаракатлари русийзабон аҳолининг ва москвадагиларнинг нақадар қитиқ патига теккани киши ёдига тушади.

Бундоқ олиб қараганда, Адлия вазирлигининг лойиҳасида гап Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни талабларидан бири, яъни, барча қонун ва ҳужжатлар аввало давлат тилида бўлиши ва зарур бўлган ҳолатларда бошқа тилларга таржима қилиниши ҳақидаги банд устида кетмоқда. Жарима ҳам оддий фуқароларга эмас, балки давлат ташкилотининг мансабдор шахсига нисбатан қўлланади.

Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш керакки, давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинган пайтдан буён мамлакатимизда унинг талабларига изчил риоя қилинмади. Айниқса, кейинги даврда фикрий танбаллигимиз оқибатида қонун талабларини деярли бажармай қўйдик. Бунга минг-минглаб мисоллар келтириш мумкин.

Бугун ушбу ҳуқуқий ислоҳотларга жавобан ўзимиздаги ва хорижий ОАВнинг чиқишларига келсак, уларга ҳар бир тўғри сўз тўқмоқ бўлиб туюлмоқда. Улар айтаётганидек рус тилининг мавқеи дунё бўйича пасайиб бораётган бўлса, бунга фақат ва фақат шу тил соҳибларининг ўзлари сабабчидирлар.

  Худойберди КОМИЛОВ,

  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси