Томорқа имкониятлари: Ислом Рўзиев гул экиб жаҳонгашта бўлди
Бу оддий, меҳнаткаш оилани Самарқандда кўпчилик танийди. Эл-улуснинг кайфиятини хушлайдиган байрамлар, маҳаллалар ободлиги учун ўтказиладиган ҳашарлар, қадим шаҳар гўзаллигини тараннум этувчи турли сайиллар Самарқанд тумани Бадал қишлоғида яшовчи Ислом гулчи ва унинг оила аъзолари иштирокисиз ўтмайди. Ва, албатта, улар томонидан тақдим этилган анвойи гуллар байраму сайилларга ўзгача кўрк, шукуҳ бағишлайди. Гул бор жойда эса гўзаллик бор, нафосату эзгулик бор, муҳаббату садоқат бор. Шу боис ҳар сафар кўнгиллар гулни, баҳорни соғиниб яшайди.
Ислом ака гулчилик туфайли дунёни кезиб чиқди. Италия, Бельгия, Голландия сингари мамлакатларда ўтказиладиган жаҳон гул фестивалларида иштирок этди. Иссиққа, совуққа, экологик номутаносибликларга бардошли гул навларини экиб, кўпайтириш сирларидан воқиф бўлди.
- Бултур Шаҳрисабзда ўтказилган «Мақом» халқаро анжуманида байрам руҳиятига мос гулзор барпо этишни таклиф қилишганда беҳад мамнун бўлдим, - дейди Ислом Рўзиев. – Қўшиқ байрамига ташриф буюрганлар гўзалликни теран англашлари учун энг аъло гулларни саҳна пойига жойлаштирдим. Мақом куйларидаги нафислик, ранг-баранглик, жозибадорлик гўёки мен яратган гулзорга кўчиб ўтгандек бўлди. Шунда касб завқини янада чуқур ҳис этдим.
Атрофдаги одамларга ана шундай баҳорий соғинчни улашиб яшашдан ўзлари ҳам ҳузур-ҳаловат топаётган Ислом Рўзиев ва унинг умр йўлдоши Маъсуда Абдуллаеванинг 15-20 сотихлик иссиқхонасида ҳамиша баҳор. Бу ерда Голландия ва Бельгиядан олиб келинган юз хилдан зиёд гул кўчатлари парваришланмоқда. Мўъжазгина иссиқхонасидан ҳар йили 100 миллион сўм даромад топаётган Рўзиевлар оиласи турмуш фаровонлиги учун барча қулайликларни яратиб олишган.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
Самарқанд тумани.