Голланд ва гибрид лолалар асли Оҳалик ва Ургут тоғларида ўсган
Ориф Гулханий уй-музейида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли ижодкорлар, назм ва наво шайдолари иштирокида “Лола сайли” ҳамда шоир, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Олқон Дамин хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Қадимдан баҳор келиши билан турли сайиллар ўтказилиб турган. Бугунги Лола сайли ҳам унутилиб кетаётган қадим анъаналаримиздан биридир.
-Ота Гулханий биолог олим сифатида кўплаб ўсимликлар устида изланишлар олиб борган, - дейди Муқимжон Орифий. – Жумладан, лола гули устида ҳам. Айтишича, лоланинг голланд ва гибрид турлари асли ўзимизнинг Оҳалик ва Ургут тоғларида ўниб ўсган экан. Бугунги кунда хонадонимизда 17 рангдаги 10 мингдан ортиқ лола пиёзлари етиштирилади. Ҳар тўрт йилда пиёзларни ковлаб олиб, Самарқанд шаҳридаги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, маҳаллалар, коллеж ва лицейлар, Самарқанд, Оқдарё ва Тайлоқ туманлари истироҳат боғларига тарқатамиз. Шунингдек, ўтган давр мобойнида “Самарқандни гулга буркайлик! 1+10” акцияси доирасида хонадонимизда парваришланган ярим миллион донадан кўпроқ туваклардаги хонаки ва анвойи гуллар гулсеварларга туҳфа этилди.
"Лола сайли" доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, болалар шоири Олқор Даминнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган хотира кечаси ҳам ўтказилди.
Унда вилоятимиз ижодкорлари, “Садоқат” тўгараги аъзолари, яқинлари шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдириб, шеърларидан намуналар ўқиди.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.