Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Томорқангизга нима экдингиз, биродар?

Президентимиз ердан, хусусан, томорқадан оқилона фойдаланиш ҳақида кўп бора такрорламоқда. Хўш, нега? Бунинг замирида сизу бизни бугунгидан-да тўқ ҳамда фаровон яшашимиз, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб, хориж маҳсулотларига кўз тикмасдан, балки экспортни кўпайтириш, даромадни ошириш, одамларимизнинг бугунидан рози бўлиб ҳаёт кечириши ётибди.

Демак, бебаҳо бойлик саналган томорқадан унумли фойдаланиш лозим. Зеро, “Олма пиш, оғзимга туш” қабилида кун кечирадиган пайт эмас. Бир парча еримиз бўлса ҳам унга кўпроқ фойда келтирадиган, мўл ва харидоргир ҳосил берадиган экин экиш зарур.

Пахтачи тумани томорқачилари экин майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича ўзига хос тажрибага эга. Буни Наҳрипай маҳалласида амалга оширилаётган ишлар мисолида яққол кўриш мумкин.

Улаш Шомуродов хонадонида бундан уч-тўрт йил аввал синов тариқасида 4 сотихли иссиқхона ташкил этилган эди. Унда турли хил манзарали гуллар етиштиришнинг ҳадисини олган хонадон аҳли ҳозирда йилига 40 миллион сўм атрофида даромад олмоқда. Асқар Жиянов хонадонида эса иссиқхонада қулупнай етиштириш йўлга қўйилган. Айни кунларда бозорга маҳсулот етказиб бериш эвазига хонадон аҳли яхшигина фойда кўрмоқда.

Бахтиёр Соатов, Эгамберди Орипов хонадонида ҳар мавсумда кўп миқдорда помидор ва бодринг етиштирилмоқда. Илёс Соатов хонадонида эса тўқсонбости экинларидан яхши даромад олиш тизими шаклланган. Улар бир йилда 3-4 марта ҳосил олиб, 15 миллион сўмгача даромад қилмоқда экан.

Томорқа – ҳар бир оиланинг хазина манбаи. Қолаверса, бир парча ернинг фарзандлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида ҳам унутмаслик керак. Аввало, томорқада инсон ҳалол меҳнатга ўрганади. Бир парча ерга меҳр беролмаган инсоннинг ҳаётга муносабати ҳам бундан яхшироқ бўлмаслиги мумкин. Томорқадан фойдаланиш маданияти қанча ошса, юртимизда турмуш маданияти ҳам шунча юксалади.

Шомирза Сафаров,

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Самарқанд вилояти кенгаши раиси ўринбосари.