Тўққиз ойда Самарқандда ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга оид 1413 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари томонидан 2022 йилнинг 9 ойи давомида вилоятда кадастр соҳасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжуманида айтилди.

- Ер муносабатлари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ўтказилган ўрганишларимиз давомида 9 ой давомида вилоятимизда 1413 ҳолатда 443 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги ва ер қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди, - дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ф.Худойқулов. – Бу ҳолатларнинг асосини фуқароларнинг уй-жой қуриш мақсадида эгаллагани ташкил этади (960 ҳолат). Шундан 329 ҳолатда 125 гектар томорқа сифатида, 246 ҳолатда 18 гектар нотурар жой қуриш мақсадида ва 207 ҳолатда 204 гектар бошқа ҳолатларда фойдаланиш учун эгаллаб олинган.

Ушбу аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан ер қонун бузилишини содир этган шахсларга огоҳлантириш хатлари юборилиб, 464 ҳолатда 241 гектар ер майдони ихтиёрий бартараф этилган. Белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этилмаган 887 ҳолат фуқаролик ишлари бўйича суд идораларига ноқонуний қурилмани буздириш ва ер майдонини асл ҳолатига келтириш юзасидан даъво аризалар ва прокуратура органларига маълумотлар тақдим этилган.

Шунингдек, матбуот анжуманида Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Аминов аҳоли хонадонларини маҳаллабай таҳлил қилиш, аввалдан фуқаронинг фойдаланишда бўлган якка тартибдаги уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ва кадастр ҳужжатига эга бўлмаган ҳамда уй-жойга эгалик ҳуқуқини эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатларни тўплаш билан бирга электрон базага киритиш ишларини ташкил этиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, вилоятимизда жами 583 минг 494 та давлат рўйхатидан ўтмаган объектлар аниқланган. Ҳозиргача вилоят давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий филиалларида 508 минг 919 та мавжуд архив ҳужжатлари ўрганиб чиқилган.

Матбуот анжуманида бошқарма бошлиқлари ва мутахассислар журналистларнинг мавзуга оид саволларига атрофлича жавоб берди.