Тошкентда Yutong электробуси қатнай бошлади

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ўз тасарруфидаги автобусларни босқичма-босқич янгилаб бориш, энг асосийси ҳаракат таркибини замонавий, ҳар тарафлама иқтисодий самара берадиган транспорт воситалари билан тўлдириш мақсадида қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этмоқда. Хусусан, ежамкорлик ва атроф-муҳитга зарар етказмаслиги билан бугун дунёда ўзини оқлаётган электробусларни ҳаракат таркибига қўшиш – тизим олдидаги муҳим масалалардан бири.

Жумладан, яқинда Белорусиядан келтирилган электробус 3 ой давомида йўналишда синовдан ўтказилди, дея хабар беради «Тошшаҳартрансхизмат». Юртимиз иқлим шароитига мос транспорт турини танлаш мақсадида яна бир хорижий компаниянинг таклифи ўрганилмоқда. Шунга мувофиқ Хитойнинг Yutong компанияси томонидан ишлаб чиқарилган электробус намунаси пойтахтимизга келтирилди.

Ишлаб чиқарувчи томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, ZK6128BEVG моделидаги мазкур электробус 215 к/ват билан ҳаракатланади. Бир марта олинган қувват билан 300 километрдан зиёд масофани босиб ўтади. Электробус салони 5 та кузатув камераси ҳамда монитор билан жиҳозланган. Ундан ташқари, двигатель қисмига ёнғинга қарши автомат тарзда ишловчи ускуна ўрнатилган. Шунингдек, кондиционер, иситиш тизими билан таъминланган. 12 метр узунликдаги мазкур электробус ўртача 70 нафар йўловчига мўлжалланган.

Мазкур электробус юртимиз иқлим шароитида автобус йўналишларида бир неча ой давомида синовдан ўтказилади. Ушбу транспорт воситаси жорий йил 7 мартдан 51-йўналишда ўзининг дастлабки қатновини бошламоқда, дейилади хабарда.