Тўйдан олдин “бар” нега керак?

Кейинги йилларда келин-куёвларнинг шаҳар бўйлаб сайрдан сўнг албатта, ресторан-барларга кириб, ўйин-кулги қилиши одатга айланиб қолди.

Яқинда жиянларимдан бири уйланди. Тўй куни мендан келин-куёвларга бош бўлиб, Самарқанд шаҳрига сайр уюштириш, суратга тушиш ҳамда ФҲДЁга бориб, никоҳни расмийлаштиришга ёрдам беришимни сўрашди. Келин-куёв ва уларнинг яқинлари, дўстлари йўлга тушдик. Саёҳат яхши бўлди. Ёшлар эсдалик учун суратларга тушишди, "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гулдасталар қўйишди.

Шаҳардан қайтаётганимизда куёвжўраларидан бири “Энди барга кирамиз, заказ қилинган”, деди. Мен ҳайрон бўлдим, “Яна икки соатдан сўнг тўй бошланади-ку, тезроқ бормасак, яхши бўлмас, қолаверса, барнинг пулини ким тўлайди?”, дея эътироз бирдирдим. Куёв жияним бўлса, “Тоға, бормасак бўлмайди, мен ҳам ҳаммасининг “бар”ига борганман, пулини ўзлари тўлайди”, деди.

Тўғриси, шу пайтгача, келин-куёвларнинг “бар”ига бормаган эканман. Туман марказидаги ресторанлардан бирининг ертўласида жойлашган қоп-қоронғу барда келин-куёв учун жой тайёрланган. Стол усти ароқ ва шампан виноси, турли ичимликлар, торт ва бошқа егуликлар билан тўла. Мусиқа қулоқни ёрар даражада янграмоқда. Ёнимда турган ҳайдовчининг гапирган овозини эшитиб бўлмайди. Ёшлар девор бўйлаб қатор тизилиб олганича, мусиқага мос оҳангда қимирлаб туришибди. Навбат билан келин-куёвнинг олдига бориб, йигитлар ароқ ва пиво, қизлар эса шампан виносидан ичиб келмоқда. Шўх мусиқа янгради, талатўп бўлиб, ҳамма “жазава”га тушиб кетди. Барнинг ичи чангиб, одам кўринмай қолди. Бир вақт ўйин тугаб, чанг босилгач, оғир мусиқа қўйилди ва келин-куёв вальсга туша бошлади. Куёвжўралари ҳам бир четда қимтиниб турган қизларнинг ёнига бориб, рақсга таклиф қила бошлади. Бир пастда жуфтликлар сони кўпайиб кетди.

Яна бир неча марта жазавали рақслардан сўнг “бар” тугади. Жўралар пул йиғиб беришди, лекин барнинг эгаси кўрсатган хизмати ҳақи 3,5 миллион сўм бўлишини, ҳозир тўлашмаса, бу ердан ҳеч ким чиқиб кетмаслигини айтди. Куёв ҳам чўнтагидаги бор пулини чиқариб тўлади.

Шундай қилиб, маст-аласт бир гуруҳ ёшлар билан тўйхонага кечикиб кириб бордик. 

Тўйчи уйида тўй қилиб, яна тўйхонада юзлаб кишиларга дастурхон ёзса, камига барга нима бор экан? Ёки битта тўйга қанча харажат кетишини билмаймизми? Ёшлар тўйхонанинг ўзида ҳам ўйин-кулги қилса бўлади-ку? Бунақаси бизнинг одатларимизда йўқ эди-ку.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.