Тойлоқдаги “Илк ривожлантириш маркази” хорижлик мутахассислар эътиборини тортди
Тойлоқ туманида кам таъминланган оила фарзандлари, имконияти чекланган, нутқида нуқсони бор ҳамда алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болажонлар учун “Илк ривожлантириш маркази” ташкил этилган эди.
Жаҳон банки билан ҳамкорликда очилган ушбу марказга ЮНЕСКОнинг эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II Бутунжаҳон конференцияси доирасида делегация аъзолари ташриф буюрди.
Меҳмонлар миллий қадриятларимизга хос тарзда кутиб олинди ва улар “Илк ривожлантириш маркази” фаолияти, педагоглар маҳорати, таълим-тарбия бериш методлари билан танишди.
Лойиҳанинг мақсади ва ундан кутилаётган натижа, марказда яратилган шарт-шароит, педагогларнинг дарс бериш методикаси мени жуда қувонтирди, - дейди угандалик меҳмон Тед Дия. - Болажонларнинг кайфияти ва юз-кўзларидан уларга бўлган эътибор даражасини билиш қийин эмас.
Маълумот учун: марказда жами 379 нафар тарбияланувчиларга 21 нафар педагог таълим бермоқда. Бу педагоглар Мактабгача таълим вазирлигининг мутахассислари ва психологлари суҳбатидан ўтган, семинар-тренингларда малакаларини оширган.
Марказда 1 нафар координатор, 4 нафар ментор, 21 нафар педагог ва 9 нафар ассистент ва 1 нафар ҳамшира, жами 36 нафар ходим фаолият олиб бормоқда.